16:17 / 24.01.2019
7 229

Пенсияни тарқатиш вазифаси почтага қайтадими?

Пенсияни тарқатиш вазифаси почтага қайтадими?
Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори Ёрқин Турсунов Kun.uz мухбири билан суҳбатда «пенсияни жойларда тарқатиш масаласи аввал, бир марта» қайта кўриб чиқилганини билдирди. Унга кўра, бу масалада қатъий устунлик банк томонида бўлиб, банк пенсионерларга хизмат кўрсатишда кўп имкониятларга эга.

«Ҳозирги почта кўп имкониятларга эга эмас. Масалан, биз ҳамма ҳисобларни Халқ банкига электрон кўринишда юборамиз. Қоғозларни чоп этиб ўтирмаймиз, тўғридан-тўғри электрон форматда пенсия тарқатувчисига етказиб берилади», – дейди у.

Шунингдек, жамғарма ижрочи директори жойларда пенсионерларга банк ходимлари томонидан мажбурий сотилаётган лотерея масаласида фикр билдириб, ушбу ҳаракатларни қаттиқ қоралади.

«Лотерея бўйича қаттиқ кураш кетяпти. Лотереяни мажбурлаб беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Халқ банки «Пенсия ва нафақа тўлаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорга асосан республика бўйича пенсия ва нафақалар тўлаш ҳуқуқига эга бўлган ягона банкка айланганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасига биноан «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга».

Амалда давлат пенсия таъминоти тизими 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуни ҳамда ушбу қонун асосида ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Мазкур Қонунга асосан иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар, уларнинг ижтимоий таъминланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2011 йил 7 апрелда тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пенсияни тарқатиш вазифаси почтага қайтадими?