12:39 / 30.01.2019
5 026

Шавкат Мирзиёев Самарқандда Ислом Каримов таваллудига бағишланган тадбирда қатнашди (фото)

Шавкат Мирзиёев Самарқандда Ислом Каримов таваллудига бағишланган тадбирда қатнашди (фото)
Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги қарорига асосан буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.

Биринчи президент дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.
Давлат раҳбари ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Самарқанд Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Маълумки, биринчи президент ушбу қадимий шаҳарда туғилган, унинг ҳар томонлама ривожланишига катта эътибор қаратган. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан бу ерда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. 2007 йилда ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонланган. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий қадамжолар обод қилинган. Ўнлаб замонавий иншоотлар, хиёбонлар, фавворалар барпо этилган.

Кейинги йилларда қад ростлаган Ислом Каримов мақбараси ва ҳайкали Самарқанддаги ана шу обод масканлар қаторига қутлуғ қадамжо бўлиб қўшилди.
Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Қарши шаҳрида ҳам Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Пойтахт ва вилоятларда биринчи президент таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Самарқандда Ислом Каримов таваллудига бағишланган тадбирда қатнашди (фото)