16:00 / 31.01.2019
10 802

Ерга астероид яқинлашаётгани ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирилди

Ерга астероид яқинлашаётгани ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирилди
Шу кунларда Россия телеканали Ер сайёраси томон улкан астероид яқинлашаётгани, у 2019 йил 1 февралда Ерга урилиб, охири замон бўлиши ҳақидаги видео материалларни тарқатганди. Бунинг ортидан одамлар ўртасида қиёмат яқинлашаётгани тўғрисида ваҳима ҳам пайдо бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти бу хабарга муносабат билдирди.

«Бу хабар билан танишиб чиққанимиздан сўнг, унинг мутлақо уйдирма экани маълум бўлди. Чунки, 2019 йилда Ерга яқинлашувчи астероидларнинг рўйхати астрономларга аввалдан маълум ва улар мунтазам мониторинг қилиб борилади. 2019 йилнинг апрель ойигача Ерга яқинлашиши кутилаётган астероидларнинг сони 20дан ортиқ бўлиб, уларнинг ўртача яқинлашиш масофаси 5 млн километрни ташкил этади. 2019 йилнинг 1 февралида Ерга яқинлашувчи астероид шу йилнинг январь ойида очилган бўлиб, унга 2019АВ2 деб ном берилган. Унинг ўлчами 150-340 метрни ташкил этиб, у Ерга 6 млн километргача яқинлашади. Бунда унинг траекторияси Ерга йўналтирилган чизиққа тик йўналишда бўлади. Астероиднинг Ерга бундай масофада яқинлашуви ва юқоридагича траекторияга эгалиги туфайли у Ерга ҳеч қандай хавф туғдирмайди.

Россия телеканали хабарида «Ерга яқинлашаётган астероид галактикалараро фазодан келмоқда», дейилган. Бу фикр хабар ёлғонлигини кўрсатади. Чунки астероидлар Қуёш тизими аъзолари бўлиб, уларнинг бошқа галакатикаларга алоқаси йўқ», дейилади хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати ҳам бундай хабарларга муносабат билдириб чиққан.

«Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди». Қиёмат қачон бўлишини сўраганларга Пайғамбаримиз қандай жавоб беришлари керак эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи очиқ-ойдин ояти каримада ўргатган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

«Одамлар Сиздан Қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир» – деб айтинг!» (Аҳзоб сураси, 63-оят).

Қиёмат қачондир бўлишига иймон келтирганмиз, лекин айнан қайси кунда бўлиши ҳақидаги маълумотни Аллоҳ таоло сир тутиб, уни бирор манбада келтирмаган. Ҳатто, ўз пайғамбарлари ва фаришталаридан ҳам яширган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиздан «Менга соат (Қиёмат) ҳақида хабар беринг!» деб сўраганларида Пайғамбаримиз: «У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам Қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди.

Демак, Пайғамбаримиз ва Жаброил алайҳиссаломлар билмаган нарсани ким, «мен биламан, фалон куни Қиёмат бўлади», деса, иймонига путур етади. Бир қанча оят ва ҳадисларга қарши чиққан бўлади. Валлоҳу аълам», дейилади идора муносабатида.

Қайд этиш керакки, қайсидир санада қиёмат бўлиши ҳақида жуда кўп марта башоратлар қилинган. Айниқса 2012 йилда ҳам бундай маълумотлар кенг тарқалган эди. Аммо табиийки буларнинг бирортаси тасдиғини топмаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ерга астероид яқинлашаётгани ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирилди