15:13 / 17.02.2019
10 177

Гулнора Каримованинг ўғли нимадан хавотирланяпти?

Гулнора Каримованинг ўғли нимадан хавотирланяпти?
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг набираси, айни пайтда Лондонда истиқомат қилаётган Ислом Каримов ўзининг Instagram'даги саҳифасида Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, унга илтимоснома йўллагани ҳақидаги хабарлар ОАВда тез тарқалди.
«Тушунарсиз сабабларга кўра, онамга инсонга хос бўлмаган босим бўляпти ва унинг олдига шифокорлар қўйилмаяпти», – деган кичик Каримов.
Бош прокуратура матбуот котиби эса Гулнора Каримовага нисбатан босим мавжуд эмаслигини билдирди. Кичик Каримовни нима ташвишда «шовқин» кўтарди? Бу ҳолатни яхши англаш учун воқеалар кетма-кетлигига бирров назар ташлаш лозим.

Кичик Каримов Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради
2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва 5 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилган Гулнора Каримованинг ўғли Ислом 2018 йил бошида Буюк Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрагани маълум бўлди.
«Ҳа, юридик процедуралар ва ҳужжатлар тайёр бўлиши биланоқ бу йил бошпана сўрайман. Онамга боғлиқ йирик ўзгариш юз берди», — деб таъкидлаганди кичик Каримов Би-би-си мухбири билан суҳбатда.
Унинг айтишича, Гулнора Каримова ўғли Британияда таълим олаётган пайтидаёқ унинг яшаши учун маблағ қолдириб кетган.
«Шу пулга яшашим кўзда тутилган. Ҳа, менда онамнинг фавқулодда ҳолатлар учун сақлаб қўйилган пуллари бор», — деб айтганди у.

Гулноранинг адвокати ютқазди
Гулнора Каримова томонидан 800 миллион Швейцария франкининг (810 миллион доллар) 700 миллион долларга яқин қисми мусодара этилиши юзасидан киритилган ариза жиноий ишлар бўйича Швейцария федерал суди томонидан рад этилди. ОАВ маълумотига кўра, ҳукм 31 июль куни чиқарилган.
Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа ишда ютқазди, аммо пулга даъвогарлар кўпайди: АҚШ, Zeromax кредиторлари, ҳатто Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий ҳам Coca-Cola Bottlers Uzbekistan қўшма корхонасидаги улуши воситачи фирма орқали Швейцариядаги Zeromax компаниясига ўтказилганини иддао қилди. Zeromax’нинг собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов озодликка чиқди ва бу кредиторлар билан масалани ҳал этишга ишора бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, адвокат Манжа турли важлар билан суд ҳукми устидан юқори турувчи инстанцияларга шикоят аризаларини киритмоқда. Шу билан пулларни Ўзбекистонга қайтариш масаласи секинлашмоқда.
Каримованинг фарзандлари ҳақиқатан сиёсий масалаларда иштирок этмайдими?

Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова 28 сентябрь куни Тошкентдан Лондонга учиб кетишидан сал аввал, Instagramʼдаги ўз саҳифасида шундай ёзди:
«Мен оммавий ахборот воситаларининг сўровлари сони ва бошқалар нарсалардан ҳайратга тушдим. Атиги икки сўзим туфайли... биз ўз ҳаётимиз билан яшашни истаймиз, ҳеч қандай сиёсий масалаларда иштирок этишни ва шу йиллар давомида бошимиздан ўтган барча даҳшатли воқеаларни эслашни хоҳламаймиз...»
Ислом Каримов эса синглисидан фарқли равишда бошқа гапларни айтиб, Гулнора Каримова яна мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этишга тайёрлигини билдирганди.
Шунга қарамай, Гулноранинг яқинлари, хусусан Ислом Каримов томонидан тарқатилаётган, онасидан «ташвишланиб» билдираётган фикрлари адвокатга қўл келаётган бўлиши ҳам мумкин. Унинг судга апелляция киритишига ишдан манфаатдор бошқа шахслар Манжага йўл очиб бермоқда.
Швейцария прокуратурасининг DW’га билдиришича, жиноий ишни мантиқий якунига етказиш учун суд коллегиясининг қолган тўрт айбланувчига нисбатан қарорини кутиш керак бўлади.
Маълум қилинишича, асосий масала – Каримованинг Швейцариядаги активларини нима қилиш кераклигига жавоб топиш лозим. Яъни активларни қайтариш ва уларни қандай сарфлаш бўйича томонлар ўртасида ҳужжат имзоланиши зарур. Ушбу масалада Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Kun.uz'га изоҳ бериб, «бу ўзбек ва швейцар прокуратуралари ўртасидаги идоралараро масала» эканини билдирган.
Бу пайт оралиғида Гулноранинг саломатлиги ҳақида хабарларни айнан Ислом Каримов тарқатиши, шу билан бирга Имон Каримованинг жим туриши, адвокатнинг Манжанинг тинимсиз суд ҳукмидан норози бўлиб, ишни чўзиб келаётгани асл вазиятни юзага чиқаради.
Алишер Рўзиохунов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гулнора Каримованинг ўғли нимадан хавотирланяпти?