20:24 / 23.02.2019
6 390

Энди жарима, давлат божи ва пенсиялар миқдори янги тизим бўйича аниқланади

Энди жарима, давлат божи ва пенсиялар миқдори янги тизим бўйича аниқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди. Фармон лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Ҳужжат иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар белгилаш ва жарима ҳамда йиғимлар ундириш ўртасида боғлиқлик шартини йўқотиш мақсадида қабул қилинади.

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, жорий йилнинг 1 июлидан:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ) 577 170 сўм;
- базовий ҳисобланган сумма (БҲС) - 202 730 сўм;
- ҳисобланган пенсия кўрсаткичи (ҲПК) - 202 730 сўмни ташкил қилади.

Фармон лойиҳасида таъкидланишича, МҲЭКМ мутлақ суммада белгиланади ва «1,0» тариф коэффициенти билан Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси биринчи разряди ойлик тариф ставкаси сондаги қиймати саналади. Бундан ташқари, МҲЭКМ лавозим маоши, устама, қўшимча пул, гонорарлар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари, озиқ-овқат, йўл ва рағбатлантирувчи бошқа турдаги тўловлар, иш ҳақини ҳисоблашда қўлланиладиган чегара миқдор, қонунчилик билан белгиланган чегириб қолиш ҳамда иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлган бошқа тўловлар аниқлаш мақсадида меҳнат муносабатлари соҳасида қўлланилади.

Шунингдек, МҲЭКМ эгалик шакли ва меҳнат муносабатларидан қатъи назар, белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг паст чегараси сифатида барча иш берувчилар учун мажбурий бўлади.

БҲС солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари, стипендиялар ва тақдим этиладиган давлат хизматлари учун бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш, шунингдек, оиланинг ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтожлигини аниқлашда қўлланилади.

«Белгилансинки, БҲС патент, лицензия ва маълум бир турдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўловлар, ташкилотлар устав ва бошқа фондлари (капитал) миқдори, пул маблағларисиз тўланувчи акциялар қиймати, бошқа қимматли қоғозлар, жамиятлар активлари баланс қиймати, микрокредитлар ҳамда лизинг чегара миқдори, шунингдек, бошқа молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар базаси сифатида қўлланилади», - дейилади фармон лойиҳасида.

Ўз навбатида, ҲПК пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасида қўлланилувчи, пенсия, устама, қўшимча тўловлар ва компенсацияларни ҳисоблаш, шунингдек, меҳнатдаги майиблик бўйича муносабатлар учун қўлланилади.

Агар ҳужжат президент томонидан имзоланса ва тасдиқланса, унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларини юқорида қайд этилган фармон билан мувофиқлаштириш, жумладан, Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқиш ҳамда мутлақ суммада нафақалар, компенсациялар ва тўловлар алоҳида турлари миқдорини ўрнатиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси босқичида. У ўзгариши ёки рад қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 18.01.2019 йилдаги 47-сон қарори билан Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига ўзгартиришлар киритилди. ЯТСнинг тариф коэффициентлари ўзгартирилганини ҳисобга олган ҳолда, энди республикада МҲЭКМ 577 172,31 сўмни ташкил этади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди жарима, давлат божи ва пенсиялар миқдори янги тизим бўйича аниқланади