19:33 / 06.03.2019
9 532

Гулнора Каримова қамоққа қайтарилди. У қанча вақт колонияда бўлади?

Гулнора Каримова қамоққа қайтарилди. У қанча вақт колонияда бўлади?
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримованинг катта қизи Гулнора Каримова 5 март куни уй қамоғидан умумий режимдаги колонияга ўтказилди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттирилган пулларни ҳамда давлатга етказилган зарарни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олгач, унга 2017 йил декабрида белгиланган 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси 5 йилга озодликни чеклаш жазосига (уй қамоғига) алмаштирилганди.

Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилган. У шунингдек турар-жойни тарк этмаслик, алоқа ва интернет воситаларидан фойдаланмаслик каби чекловларни ҳам қўполлик билан бузган. Хусусан, у 2018 йилнинг 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетганида жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилганди.

«ИИВ Жазони ўташ бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати тақдимномаси асосида жазони ўташ талаби ва шартларини қўпол равишда бузгани сабабли жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан Г.Каримовага нисбатан тайинланган жазонинг қолган қисмини жиноят-ижро қонунчилигига мувофиқ умумий режимдаги колонияда ўташ жазосига алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилди», – дейилади Бош прокуратура тарқатган хабарда.

Қайд этиш керакки, Гулнора Каримова иши унинг қизи Имон Каримова 5 март куни ўзининг «Instagram»даги саҳифасида уларнинг Тошкентдаги квартирасига прокуратура ходимлари бостириб кириб, дастлаб онасига таҳдид қилишгани, сўнг уни номаълум томонга олиб кетишганини айтганидан сўнг яна кўтарилди.

Скриншот: Фото: Instagram / @iman.k17
«Айни пайтда у қаерда эканлигини ва унга нима қилганлигини ҳеч ким билмайди, аммо Швейцариядаги адвокатлар ва прокурорлар хабардор қилинган ва улар чоралар кўрмоқда», — деб ёзди Имон.

Каримованинг Женевадаги адвокати Грегуар Манжа ўз твиттерида нуфузли нашрларга мурожаат қилиб, ҳолатга эътибор қаратишни сўраган.

Скриншот: Фото: Twitter / @GregoireMangeat
Имон Каримова аввал ҳам бир неча марта ижтимоий тармоқда онаси ҳақида маълумот берган, бир сафар онаси билан тушган селфисини жойлаштирган, бошқа сафар онаси ошхонада чучвара пишираётгани акс этган анимацион суратни тарқатганди.

Февраль ойида ҳам Каримованинг ўғли Ислом «Instagram»да терговчилар онасига босим ўтказаётгани, унга тиббий ёрдамлар кўрсатилмаётгани ҳақида ёзганди.
Бош прокуратура икки ҳолатда ҳам даъволарни рад этиб Гулнора Каримова тайинланган жазони белгиланган тартибда ўтаётганини маълум қилганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Имон Каримованинг охирги пости юзасидан ҳам изоҳ бериб, бу баёнот ҳақиқатга зид эканини, жойлаштирилган фотосуратлар эса эскилиги маълум қилган. Шундан бир неча соат ўтиб эса бош прокуратура Гулнора Каримова умумий тартибли колонияга ўтказилганини маълум қилди.

2013 йилда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидан чекинган Гулнора Каримова фақат ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан маълум эди, 2014 йилдан кейин эса у умуман омма кўз ўнгидан ғойиб бўлади. 2016 йилнинг кузида отаси Ислом Каримов вафот этганида ҳам у дафн маросимида кўриниш бермайди.

2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган, унга кўра Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилгани ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди.

Гулнора Каримова томонидан давлатга ва халққа етказилган зарар: уни нималарга ишлатиш мумкин эди?
Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ўзбекистоннинг янги ҳукумати инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда Гулнора Каримовага имкон берди ва жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Кейинги вақтларда Гулнора Каримова ўз қизи Имон билан бир уйда яшаб келди, Имон ҳам ижтимоий тармоқдаги чиқишларида онаси муддатидан олдин шартли равишда озод қилинганидан кейин, 2018 йил июни охиридан буён Тошкент шаҳри ҳудудидаги хонадонда яшаётганини тасдиқлаганди.

Бироқ Гулнора Каримова қонунларни бузишда давом этди ва ўзига берилган имконни йўқотди. У ўтган даврда бўлгани каби қонунларни менсимасликни оддий ҳолатдек билиб, чекловларни бузди.

Натижада, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузган Гулнора Каримова энди унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддатини - 4 йилдан ортиқроқ муддатни умумий тартибли колонияда ўтайди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовани триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда беркитиш каби жиноятларда айбланган.

Тергов маълумотларига кўра, Каримова жиноий шериклари ёрдамида 12та хорижий мамлакатда 1,3 миллиард АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдорида активларни қонунийлаштирган.

Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ ҳозирча бу пулларнинг Ўзбекистонга қайтарилиш муддати аниқ эмас.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гулнора Каримова қамоққа қайтарилди. У қанча вақт колонияда бўлади?