Тошкентда қалбаки 20 минг доллар сотмоқчи бўлганлар ушланди

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида қалбаки валюта муомаласи билан боғлиқ ҳолат фош этилди. Тезкор тадбирларда бир гуруҳ шахслар катта миқдордаги қалбаки АҚШ доллари ва сўмни анча арзон нархда сотишга уринган вақтда ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
10 минг доллар ва 20 миллион сўм сотилаётган эди
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, фуқаролар М.А., М.А. ва Б.Б. қалбаки деб кўрсатилган:
10 минг АҚШ доллари;
20 миллион сўмни фуқаро Б.Л.га 14 миллион сўм эвазига сотишга уринган.
Улар пулларни топшираётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Яна 10 минг доллар 8,4 миллион сўмга баҳоланган
Тезкор тадбир давомида мазкур шахслар билан боғлиқ яна бир ҳолат аниқланган.
Маълум қилинишича, улар қалбаки яна 10 минг АҚШ долларини фуқаро Ў.А.га 8,4 миллион сўм эвазига сотган вақтида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Шу тариқа, икки ҳолатда муомалага киритилиши режалаштирилган қалбаки долларлар миқдори жами 20 минг АҚШ долларини ташкил қилган.
Жиноят иши қўзғатилди
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу модда қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозларни ясаш ва уларни муомалага киритиш билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутади.
Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчиларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланади.































Изоҳлар 0
…