
Навоий вилоятида 30 апрель-1 май кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форуми бошланди.
Бу йил ўтказилаётган “Invest in Navoi” II халқаро бизнес форумида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларининг 250 нафардан ортиқ ишбилармонлари, салоҳиятли инвесторлари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги мухтор элчилари ва дипломатлари иштирок этмоқда.
Бизнес форумнинг бугунги биринчи кунида хорижлик меҳмонлар “Навоий” эркин иқтисодий зонаси билан танишди ва вилоятнинг йирик корхоналарига ташриф буюрди. Шунингдек, Навоий вилоятининг диққатга сазовор жойларида бўлди.
Форумнинг асосий тадбирлари эртага, 1 май куни бўлиб ўтади. Асосий тадбирлар доирасида Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да халқаро бизнес форумнинг расмий очилиши ўтказилади.
Шундан сўнг, форум иштирокчилари секцияларга бўлинган ҳолда Навоий вилоятининг инвестиция, экспорт, сайёҳлик ва логистика салоҳияти билан танишади.
Форум доирасида иштирокчилар вилоятнинг туристик салоҳияти билан танишиш мақсадида Нурота туманидаги “Чашма” меъморий мажмуаси ҳамда “Сармишсой” музей қўриқхонасига саёҳат қилишлари режалаштирилган.
Мазкур бизнес-форумга президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган йили асос солинган.



Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар