16:12 / 01.05.2019
4 223

ДХА томонидан "флешка" қай тартибда берилади? (2-қисм)

ДХА томонидан "флешка" қай тартибда берилади? (2-қисм)
Фуқароларга қулайлик яратиш, оворагарчиликлар, сансоларликларнинг олдини олиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик ташкил этилганидан буён ОАВда унинг фаолияти тўлақонли ёритиб келинмоқда. Аммо таҳририят томонидан халқ орасидаги баъзибир миш-мишлар ўрганиб чиқилиб, Давлат хизматлари агентлигининг мутахассислари билан суҳбат уюштирилди. Суҳбат давомида ДХАнинг ташкилий-таҳлил бўлими бош маслаҳатчиси Жасур Ниязов бизни қизиқтирган айрим саволларга жавоб берди.

— Биламизки, давлат хизматлари марказларида фуқароларга “флешка” берилади. Бу давлат томонидан бепул тарқатиладими ёки фуқаро марказнинг ўзида сотиб оладими?
— Агентлик директорининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган рўйхатнинг 10-бандида “Электрон рақамли имзони янги флеш-картага ёзиб топшириш” пуллик хизмати кўрсатилиши ва бу хизмат учун 20 300 сўм миқдорида тўлов тўланиши белгиланган. Аммо фуқаро хотира ускунаси “флешка”ни ўзи билан олиб келиб, электрон рақамли имзосини (ЭРИ) ёзиб олиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, ЭРИ калити олиш хизмати учун алоҳида жисмоний шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 7 фоизи, юридик шахслар учун эса 10 % миқлорида давлат божи тўланади.

— Кузатувлардан маълум бўлишича, халқ маълумотномаларнинг нархидан норози. Бу сизнингча, қайта ўрганиб чиқилиши керак бўлган ҳолат эмасми?
— Ҳозир маълумотномалар бериш бутунлай электрон тартибга ўтказилиши юзасидан ишлар олиб борилмоқда, бу эса Давлат хизматлари марказига мурожаат этилмаслиги ва ортиқча харажат тўламаслигини билдиради. Маълумотномани талаб этаётган идора ушбу маълумотни идоралараро интеграциялашув платформасидан ўзи юклаб олади.
2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқланади.

— Давлат хизматлари агентлигида фаолият юритаётган ходим қайси олийгоҳни тугатган бўлиши керак?
— Давлат хизматлари агентлиги тизимига ишга кириш тартиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг “Адлия органлари ва муассасаларида кадрлар билан ишлаш тартиби тўғрисида”ги буйруғи билан тасдиқланган Низомга асосан, Давлат хизматлари агентлиги расмий веб-сайти орқали бўш иш ўринларга берилган эълонга мувофиқ танлов асосида амалга оширилади.
Давлат хизматлари марказларига ҳуқуқшунослик, молия, иқтисод, архитектура ва қурилиш йўналиши буйича маълумотга эга мутахассислар ишга олинади. Бундан ташқари, туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўрта-махсус маълумотга эга мутахассислар (Call-центр) алоқа оператори лавозимига белгиланган тартибда ишга қабул қилиниши мумкин.

— Жорий йилдан олий таълим муассасаларига ҳужжат топширувчи абитуриентлар учун анча қулай шароитлар яратиляпти. Бу борада ДХА томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
— Давлат хизматлари агентлиги томонидан бу йилги ўқув йилида ОТМ га ўқиш учун ҳужжат топшириш янги тартиби юзасидан ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланган бўлиб, унда қуйидагилар акс этган:
1. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали мурожаат қилиш имконига эга.
2. Хорижий, хусусий ҳамда ҳарбий олий таълим муассасаларига, олий таълим муассасаларининг магистратурасига ҳамда олий таълим муассасалари махсус сиртқи таълим шаклларига ўқишга кириш учун абитуриентлар, шунингдек хорижий фуқаролар бевосита Олий таълим муассасаси ўзига ҳужжат топширади.
3. Абитуриентлар уларнинг доимий (вақтинча) рўйхатда турган жойидан қатъий назар, экстерриториал тамойил асосида исталган Давлат хизматлари марказига кечаю-кундуз мурожаат қилиши мумкин.
4. Олдинги ўқув йиллари битирувчилари фақат 1 майдан 20 июнгача (шу куни ҳам) ҳужжат топширишлари мумкин.
Жорий ўқув йили битирувчилари эса 21 июндан 10 июлгача (шу куни ҳам) топишириш имконига эга.
5. Давлат хизматлари марказига қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилади:
- фуқаролик паспорти (мавжуд бўлмаса ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақамини кўрсатган ҳолда маълумотнома);
- паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
- фуқаролик паспорти (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома);
- умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
6. Абитуриент бир вақтнинг ўзида ўқитишнинг бир шакли доирасида учтагача олий таълим муассасаси (таълим йўналишлари)ни танлаши мумкин. Бир нечта олий таълим муассасаси (таълим йўналишлари)ни танлашда имтиҳон топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги мос бўлиши шарт.
7. Абитуриент имтиҳон натижаларига кўра олий таълим муассасасига қабул қилинган тақдирда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган низомда кўрсатилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини тегишли олий таълим муассасаларига ўқув йили бошлангунга қадар тақдим этади.
Буларнинг барчаси албатта фуқароларимизга янада қулайлик яратиш, уларнинг вақти ва нақдини тежаш, ортиқча сарсон бўлиб юришларининг олдини олишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Нилуфар Муродова суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХА томонидан "флешка" қай тартибда берилади? (2-қисм)