22:30 / 19.06.2019
4 933

Миллий гвардия: Тошкентда ҳибсга олингани айтилаётган аёллар Президент кортежини тўхтатмоқчи бўлган

Миллий гвардия: Тошкентда ҳибсга олингани айтилаётган аёллар Президент кортежини тўхтатмоқчи бўлган
Миллий гвардия матбуот хизмати Хотин-қизлар қўмитасига шикоят қилиб келган аёлларнинг Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан ҳибсга олинганлиги тўғрисидаги хабар юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, 20 май куни соат тахминан 08:45 ларда фуқаролар Ташматова Гулбаҳор Давранбековна, Хаитова Малика Абдураимжоновна, Акбарова Муҳаббат Ғаниевна, Каримбекова Гулбаҳор Рустамбековна ва Эргашева Хурсаной Холбоевналар Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, Хотин-қизлар Қўмитаси биноси қаршисида Президент ҳаракатланиши учун мўлжалланган махсус йўналишда тўпланиб, давлат раҳбарининг мазкур йўналишдан ҳаракатланишини билган ҳолда махсус йўналишда ҳаракатланаётган кортеж йўлига чиқиб мурожаат қилмоқчи бўлган.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари уларга мазкур йўналиш бўйлаб тўпланиб туриш ва давлат раҳбарига бундай тарзда мурожаат қилиш мумкин эмаслигини, ўзларини қизиқтираётган саволлари билан тегишли тартибда мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириб, махсус йўналишдан четроқда туриш кераклигини айтишганида, улар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини ҳақорат қилиб, шовқин-сурон кўтаришиб, қонун доирасидаги талабларни бажаришдан бош тортишган. Қаршилик кўрсатганларига қарамасдан махсус йўналиш учун жавобгар бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари белгиланган тартибни таъминлаган.

Юқорида номлари зикр этилган фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича суриштирувни Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ўтказган. Ўзларини «жабрланувчи» қилиб кўрсатаётган фуқароларга нисбатан Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув материаллари асосида Суд органи қонуний баҳо бериб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаган.

Таъкидланишича, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари судларга берилган ваколатларга эга эмас.

«Мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган, жамоат тартибини сақлашга масъул ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида берган кўрсатмаларини тўғри қабул қилишингизни сўраб қоламиз.

Агарда учинчи шахслар томонидан Сизнинг ҳуқуқларингиз поймол этилган бўлса ёки бирор бир шикоят-арзингиз давлат ташкилотлари томонидан қонуний ҳал қилинмаётган бўлса, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари эшиклари Сиз учун доимо очиқдир.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоёзувлар ҳамда постларда акс этаётган асоссиз маълумотларга ишониб, давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказувчи, мажбуран юзага келаётган хатти-ҳаракатларингиз эса маълум бир кўринишдаги жавобгарликка олиб келади», – дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қўмитага шикоят қилиб келган аёлларнинг ҳибсга олинганлиги юзасидан тарқалган хабарлар бўйича расмий баёнот берган.

Унда айтилишича, ушбу ҳолат Қўмита ҳудудидан ташқарида, трассада рўй берган. Шу куни аёллар Қўмитагача етиб келмаган, ходимлар билан учрашмаган.

Кейинроқ маълум бўлишича, ушбу аёллар жамоатчилик тартибини бузганлиги учун кўчада Миллий гвардия ходимлари томонидан олиб кетилган.

Ушбу воқеадан кейин аёллар Қўмитага таклиф этилган, улар билан суҳбат ўтказилган, уларнинг муаммолари ҳуқуқ-тартибот идоралари ваколатида бўлганлиги туфайли, ўрнатилган тартибда кўриб чиқилмоқда. Икки нафар аёлнинг муаммоларига эса ижобий ечим топилган.

«Ҳурматли ватандошлар! Шу ўринда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида фуқароларни қабул қилиш ишлари ҳар куни амалга оширилишини маълум қиламиз. Қўмита раиси Танзила Норбоеванинг қабул кунлари — ҳафтанинг ҳар пайшанба куни (хизмат сафарида бўлган кунларидан ташқари)», — дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллий гвардия: Тошкентда ҳибсга олингани айтилаётган аёллар Президент кортежини тўхтатмоқчи бўлган