15:20 / 04.10.2019
2 536

Қоракўлда сайёр қабул пахта даласида ташкил этилди (фото)

Қоракўлда сайёр қабул пахта даласида ташкил этилди (фото)
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида секторлар фаолиятини ҳар томонлама намунали ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб борилмоқда. Эътиборлиси, сектор раҳбарларининг аҳоли билан доимий равишдаги учрашувлари ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилаяпти.

Куни-кеча ана шундай учрашув туманнинг 4-сектор ҳудудидаги Дарғали маҳалла фуқаролар йиғини Орғун қишлоғида ташкил этилди. Мазкур сайёр қабулнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда раҳбарлар аҳолини ортиқча оворагарчиликка қўймасдан пахта мавсумини ҳисобга олган ҳолда учрашувни ушбу ҳудуддаги “Феруза Гуллиева” фермер хўжалиги пахта даласида ташкиллаштирдилар. Фурсатдан фойдаланиб, меҳнат қилаётган ҳашарчилар ҳузурида уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Сайёр қабулнинг айнан пахта даласида ташкил этилгани шу ерлик ҳашарчилардан бири Ўктам Турдиев учун айни муддао бўлди.
Учрашувда Ўктам Турдиев давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти ва туман ҳокими иштирок этаётганидан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини тиклаш учун кўмак сўради.

Ушбу фуқаронинг билдиришича, у бир неча йиллар олдин сутни қайта ишлаш корхонасини ташкил этган. Бунинг учун керакли ускуналарни ҳам харид қилган. Аммо, тайёр маҳсулотларини сотишга қийналгани учун фаолиятини тўхтатиб қўйган экан.

Учрашувдан сўнг сектор раҳбарияти ва туман ҳокими Ўктам Турдиевнинг корхонасида бўлиб, унинг тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаш учун зарур чора-тадбирларни белгилаб олдилар. Бунинг учун энг аввало унинг талабига кўра тижорат банкидан имтиёзли кредит маблағлари олиб беришга келишиб олдилар.

Сайёр қабулда кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда қийналаётган Самад Гуллиевнинг ҳамда Наби Сафаровнинг табиий газ масаласидаги мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Ҳашарчилардан Умар Чўллиев қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган ички йўлларни тартибга келтириш масаласини раҳбарлар олдига қўйди.
Яширишнинг ҳожати йўқ, ушбу муаммо тез ҳал этиладиган масала эмас. Шунга қарамасдан, раҳбарлар мазкур қишлоқнинг ички йўлларини имкон қадар тез фурсатларда эпақага келтириш чораларини кўришга ваъда бердилар.

Худди шундай аҳоли номидан билдирилган талаблардан яна бири -қишлоқни кесиб ўтувчи Орғун ариғининг икки ён томонини бетонлаштириш ишлари ҳам йўл харитасига киритилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Шу куни сайёр қабулга келган раҳбарлар ҳашарчиларнинг муаммоларини ҳал этишдан ташқари уларнинг кўнглини кўтариш мақсадида шу жойнинг ўзида арзон нархларда озиқ-овқат ва бошқатурдаги маҳсулотлар ярмаркасини ташкил қилдилар. Тиббиёт ходимлари эса ҳашарчиларнинг саломатлигини кўздан кечирдилар.

Тушликда дала бошида теримчиларга ош тортилди. Бир сўз билан айтганда раҳбарларнинг даладаги ҳашарчилар билан учрашуви самимий мулоқотга айланиб кетди. Айниқса, энг илғор теримчиларнинг рағбатлантирилиши уларнинг кайфиятига янада руҳ бағишлади.

Бухоро вилояти
ДСБ Ахборот хизмати.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қоракўлда сайёр қабул пахта даласида ташкил этилди (фото)