date
views 4 071

Азон овозини эшитган ўғри...ялинишга тушди

Азон овозини эшитган ўғри...ялинишга тушди
Бир ғаройиб ҳодисанинг гувоҳи бўлганман. Бунга анча йиллар бўлиб кетди, унда ёш бола эдим, унчалик тушуниб етмаганман...

Ўғрилар ёши йигирмалар атрофидаги йигитнинг нимасинидир ўғирлабди шекилли, йигит сезиб қолиб талаб қила бошлади. Ўғри қўрқмасдан одамлар орасидан секин узоқлашиб, йигитни авраб, четга олиб чиқиб кетди. Мен "нима бўларкин?" деб, уларга сездирмай орқасидан кузатиб бордим. Анчагина ҳилват жойга борганда ўғри йигитга пўписа қилишни бошлади. Олдирган нарсаси қимматроқ эканми, йигит ҳам бўш келмай талаб қилаверди. Бирдан ўғри одам йигитнинг юзлари, қулоқлари аралаш қилиб шапати билан ура бошлади. Йигитнинг эса қўл қайтаришга кучи етмаслиги кўриниб турганди. Бир пайт йигит овозининг борича азон айтишни бошлади...

Нимадандир қўрқиб кетган ўғри нафақат уришдан тўхтади, балки, кўзлари ола-кула бўлиб жон ҳолатда йигитга ёпишиб, "Бўлди, бўлди дедим, овозингни ўчир, бақирма!" деб ялинишга тушиб кетди. Йигит тинмай азон айтар, у бўлса, бир қўли билан қучоқлаб, иккинчи қўлининг кафтлари билан йигитнинг оғзини ёпишга ҳаракат қиларди. Йигит азонни тўхтатмади. Овозининг борича айтаверди.

Шу пайт қаердандир яна беш-олти одам пайдо бўлди, "булар кўпайиб кетди, энди дўппослаб урса керак" деб ўйлаб тургандим, йўқ, аксинча, улар етиб келиб "муаззин"га ялина бошлади, "Жон ука, овозингни ўчир, ўчирсанг-чи овозингни, берамиз нарсаларингни, берамиз дедик-ку" деб ялинар, ёнидаги оғзини очиб, довдираб турган бир кишига "берсангчи, бер ҳаммасини, ўчирайлик овозини" деб питирчиларди...

У вақтда мен бир тўда ўғрининг биргина ёш йигитдан нега қўрқиб кетганини, ўғрилар учун энг уят ҳисобланган, яъни ўғирлаб олинган нарсани қайтариб бериш ор бўлган ишни қилганини тушунмагандим. Кейинроқ азоннинг ҳикматини, азон айтилган жойдан жину-шайтонлар тум-тарақай қочишини эшитганимдан кейингина ўзимга ҳулоса чиқаргандим...

Буюкларимиздан Аллоҳнинг каломи бошқа сўзлардан аввал кирсин деб чақалоқ туғилса азон айтилишини, ризқ кенг бўлсин деб деҳқончилик яхши бўлмаган жойда азон айтилишини, шайтон қочсин деб ибодатнинг аввалида азон айтилишини ҳам эшитдим.

Азон айтинг, шояд эл тинч бўлса, юртимиз обод бўлса, зора соғ бўлсак, ғанимдан омон бўлсак.
Сиз ҳам азон айтинг, масжидларимизнинг минораларидан ҳам ёқимли азон саслари эшитилсин, иншаАллоҳ зарар қилмайди...

Салим Айюбий

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Азон овозини эшитган ўғри...ялинишга тушди