15:58 / 06.12.2019
2 588

Зеленскийнинг қиёфадоши: «Қизиқчи Зеленский президент бўлди. Мен автобўёқчидан актёр»

Зеленскийнинг қиёфадоши: «Қизиқчи Зеленский президент бўлди. Мен автобўёқчидан актёр»
Тасодифан ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришган ўзбекистонлик Умид Исабоев бугунги кунда Россия кино ижодкорлари томонидан суратга олинаётган катта бир сериалда бош роллардан бирини ижро этмоқда. Kun.uz мухбирлари Россияга сафар давомида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг қиёфадоши билан учрашиб, суҳбат қурди. У ўз бошидан кечирганлари, машҳурликка олиб келган тасодиф, катта сериалдаги бўлажак қаҳрамони, суратга олиш жараёни ва келажакдаги режалари ҳақида гапириб ўтди.

Болалигимдан ҳунарга қизиққанман
Мен Наманган вилояти Чортоқ шаҳри Алихон қишлоғида туғилганман. Мактаб даврларимдан ҳунарга қизиққанман. Уйимизда машиналарни бўяйдиган автосервисимиз бўлар эди. Бир куни бобомнинг «Жигули» русумли машинасини уриб олиб, шуни тузатиш учун устахонага олиб борганман. Ана шу воқеадан кейин машиналарни тузатишга қизиқиб кетдим. Ўзимнинг соҳам шу автобўёқчи ҳисобланади. Аслида бобом катта уста бўлган. Туманимизда ҳам кўпчилик бобомни уста сифатида таниган. Ҳатто Тошкентда ҳам танишарди.

«Тошкентда машҳур шарҳловчининг уйида яшаганман»
2002 йилда Тошкентга ишлагани келдим. Автосервисда ишлаб юрган пайтларим Хайрулла Ҳамидовнинг оталари Убайдулло ака билан танишиб қолганман. У киши жудаям яхши, ажойиб инсон эди. Шу инсон менга «мусофир экансан, водийдан келибсан», деб ўз уйидан жой берган. Ўзи оилада битта ўғилман. Мени ҳаёт ишлашга мажбур қилмаган. Ҳатто онамлар «айланиб келсанг бўлди, сенга пул топ демаймиз», дейишарди. Қишлоқдан чиққанимдан кейин ҳаётим Тошкентда кечди.

«Москвага саёҳат баҳона келганман»
Тошкентда ҳам, Москвада ҳам дўстларим кўп. Москвада ишлайдиган бир дўстим ўз ёнига чақириб қолди. Москвага саёҳат баҳона келиб қолганман. Шундан сўнг дўстимга ёрдамлашиб юрдим. Ишим бошлиқларига маъқул тушгандан кейин шу ерда қолишимни сўради. Унинг таклифини қабул қилиб, шу ерда ишлай бошладим. Ҳозир оилам, икки нафар фарзандим билан шу ерда яшаб, ишлаяпман. Илк келган вақтим ўзига яраша қийинчиликлар бўлган. Ҳужжат масаласида эмас-ку, меҳнатимдан фойдаланишган. Кўп алданганман. Қийинчиликларимни Худо кўриб турган экан, ҳаётим ўзгариб кетди.

«Ижтимоий тармоқлардаги расмимни менга уйдагилар юборишган»
Бир куни уйқудан туриб, телефонимни кўрсам уйдагилар расм жўнатишибди. Қарасам, ўзимнинг метрода ўтирган расмим. Ўшанда мен ухлаб қолмаганман. Телефонга шунақа тушиб қолганман. Ҳайрон бўлиб уйимдагилардан бу расмни қаердан олганларини сўрадим. Синглим, сизни бутун интернетда кўрсатишяпти, деди. Кейин интернетдан расмимни топиб, ўзимнинг расмимга изоҳ ёздим. «Ким олди расмга? Ким қилди бу ишни?», деб.

Расмга олган инсон Дмитрий Коваленко деган киши экан. Ўзи Киевда яшаркан. Бир иш билан Москвага келиб, мени кўриб қолган ҳамда Владимир Зеленскийга ўхшашлигимни кўриб, мени кузатган. Метрога тушган вақтим қарама-қарши тарафимда ўтириб расмга олган ва ижтимоий тармоқларга жойлаган. Ҳозирда Дмитрий билан яқин танишмиз. Кўп гаплашиб турамиз. Чунки мен Зеленскийнинг қиёфадоши эканлигимни кўпчилик билишига шу инсон сабабчи бўлди.

Сўнгра, интервьюлар, студияга таклифлар бошланди. Инсон жуда ғалати бўлар экан. Чунки мен доим темир чангаллаб, машина тузатиб юрган инсонман. Бирдан бунақа воқеалар бўлиб кетди. Баъзида ўзим нима дейишни билмай қоламан. Ҳамма ёқда камера бўлса одам шошиб қоларкан. Мен Москвада эмасман, деб алдашга ҳам тўғри келди. Мана шу тасодиф сабаб ҳаётим ўзгариб кетди.

«Ҳақиқатан ҳам катта бир сериалда рол ижро этаман»
Жуда кўп продюссерлардан таклифлар бўлди. Студияга, роликларга, кинога, реклама ва фотосессияларга кўплаб таклифлар бўлди. Ҳозирда продюсер Владимир Ереносян билан шартнома туздим. Сериал учун суратга олиш жараёни бошланган. Албатта бу мен учун қийин кечмоқда. Чунки мен шу вақтгача фақат темир ушлаб, машина таъмирлаб юрган инсонман. Бўлажак қаҳрамоним ҳақида гапирадиган бўлсам, президент Зеленскийни ижро этяпман. Айтишларича, қаҳрамоним Украина халқига ёқади. Чунки кинонинг мақсади Украинада бўлаётган урушни тўхтатиш, халқларга тинчликни тарғиб қилишдир.

«Ўзбекистонда машиналарга хизмат кўрсатувчи автосервис қурмоқчиман»
Келажакда орзуларим кўп. Албатта ватанимга қайтиб, машиналарга хизмат кўрсатувчи автосервис қурмоқчиман. Асосан ўқишга кира олмаган ёшларни иш билан таъминламоқчиман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зеленскийнинг қиёфадоши: «Қизиқчи Зеленский президент бўлди. Мен автобўёқчидан актёр»