00:13 / 13.12.2019
2 767

Афғонистонлик инвестор Қоровулбозорда анор, бодом ва лимон етиштирмоқчи

Афғонистонлик инвестор Қоровулбозорда анор, бодом ва лимон етиштирмоқчи
Бухоро туманилик ёш тадбиркор Ғолиб Раҳматовнинг наъматак етиштириш ва уни қайта ишлаш мақсади кўзда тутилган бизнес лойиҳаси вилоят ҳокимлигида ўтказилаётган анъанавий “Инвесторлар куни” тадбири қатнашчилари қизиқишига сабаб бўлди.

— Таҳлилларимиз кўрсатдики, 18 гектар майдонда наъматак етиштирганда йилига 400 тоннагача ҳосил олиб, уни қайта ишлаш, 30 нафар кишини доимий иш ўрни билан таъминлаш имконияти мавжуд, — дейди тумандаги “Шуҳрат” фермер хўжалигини бошқариш жараёнида яхшигина тажриба тўплаган тадбиркор. — Бу лойиҳани амалга ошириш учун ўз ҳисобимиздан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфлаш ниятидамиз. Шунингдек, молиявий муассасанинг кредит маблағига ҳам таянамиз.

Агар наъматак тиббиётда доривор ўсимлик сифатида қадрланиши, ундан инсон саломатлиги учун зарур дори — дармонлар тайёрлашда кенг фойдаланилиши инобатга олинса, бу лойиҳа қўллаб – қувватланишга лойиқ, албатта.

Қоровулбозор вилоятнинг деҳқончилик учун шарт-шароити мураккаб ҳудудларидан саналади. Лекин қаловини топса, тошда ҳам гул ундириш мумкин. Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси Неъмат Неъматуллоҳ етакчилигидаги бир гуруҳ тадбиркорлар худди шу фикрда. Улар бу ерда анор, бодом ва лимон етиштириш лойиҳаси бўйича келишувга эришдилар.

“ABS Qorovulbozor” хорижий корхонаси негизида рўёбга чиқариладиган лойиҳага кўра, 200 гектар майдонда интенсив боғ яратилади. 300 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Натижада 15 та доимий, қарийб 200 та мавсумий иш ўрни юзага келади.

Жозибадор лойиҳаларнинг яна биттаси айнан Қоровулбозор ҳудудидаги хом ашё асосида амалга оширилади. Гап оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда. “Qizilqumclass invest” масъулияти чекланган жамияти негизида малайзиялик инвесторлар билан ҳамкорликда бажариладиган бу юмушга 136 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилади.

Эътиборлиси, бу лойиҳага тадбиркорлар етти ўлчаб, бир кесган ҳолда ёндашяптилар. Чунончи, оҳактош таркиби ривожланган давлатларнинг замонавий лабораторияларида таҳлилдан ўтказилди. Натижада ундан сифатли қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари, жумладан, деворбоп маҳсулот олиш мумкинлиги тасдиғини топди. Табиийки, бу лойиҳа ҳам вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди.

Айтиш ўринлики, ҳафтанинг ҳар чоршанбасида ташкил этилаётган “Инвесторлар куни” янги бизнес лойиҳалар рўёби сари ташланган дастлабки қадам вазифасини ўтаяпти. Вилоят ҳокими иштирокида ўтаётган тақдимот маросимида нафақат тадбиркорлар ташаббуси қўллаб-қувватланяпти, балки уларни ўйлантираётган масалалар ечими топиляпти. Истиқболдаги режалар белгилаб олинмоқда. Чунончи, Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, умумий қиймати 6 триллион 216 миллиард сўм бўлган 2761 та инвестицион лойиҳа жадал амалга ошириляпти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Афғонистонлик инвестор Қоровулбозорда анор, бодом ва лимон етиштирмоқчи