Тошкентлик қиз севган йигитини пичоқлади, йигит эса у билан турмуш қуриш ниятида (видео)

  • 14 декабрь 2019, 11:05
  • 2 009
  • Жамият
  • Тошкентлик қиз севган йигитини пичоқлади, йигит эса у билан турмуш қуриш ниятида (видео)
    Тошкент шаҳрида рашк сабабли келиб чиққан жанжал оқибатида қиз ўз севган йигитини пичоқлади. Йигит эса бахтли тасодиф билан омон қолди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастури хабар берди.

    Қизнинг айтишича, у йигити билан рашк сабабли тез-тез жанжаллашиб турган, шундай жанжаллардан бирида у йигитининг телефонини олиб қўйган ва уни уйига олиб кетган.

    Мазкур жанжалдан кейин йигит маст ҳолатда тунги соат 03:00 ва 04:00 орасида қизнинг уйига жанжал қилиб келган. Йигит унга қарши чиққан қизнинг отасини урган, бундан жаҳли чиққан қиз эса севгилисини пичоқлаган.

    Шу куннинг ўзида қиз мазкур ҳаракати учун қамоққа олинган. Суд мазкур ишни кўриб чиққан. Иш бўйича қораловчи қизга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган.

    Бироқ маҳалла фуқаролар йиғинининг кафолати, шунингдек, қизнинг қилган ишидан пушаймон эканлиги ва жабрланувчининг даъвоси йўқлигини ҳисобга олиб, суд қизга тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Рашк туфайли севгилисининг ҳаётига хавф солган қиз маҳалла ва суднинг келишуви асосида қамоқ жазосидан қутулиб қолди.

    Жабрланувчи йигитнинг маълум қилишича, у қиз билан турмуш қуриш ниятидан қайтмаган, унинг ота-онаси ҳам бунга рози бўлган. Йигит қиз билан бахтли яшашига умид билдирмоқда.

    » » Тошкентлик қиз севган йигитини пичоқлади, йигит эса у билан турмуш қуриш ниятида (видео)