17:11 / 17.12.2019
4 801

Коррупция - мамлакат ривожига таҳдид!

Коррупция - мамлакат ривожига таҳдид!
Коррупция ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир.
Коррупция нима? Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос тасаввури, тушунчаси бор, албатта. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси қонунида унга шундай таъриф берилган: «коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш».

Оддий халқ орасида коррупция деганда кўпинча давлат амалдорларининг шахсий бойлик орттириш ҳамда давлат, жумладан халқ манфаатлари ва ресурсларига зиён етказиш мақсадидаги порахўрлиги тушунилади. Гап хусусий соҳа тўғрисида кетаётган бўлса, унда одатда йирик кўламдаги порахўрлик ёки хусусий корхона мулкини талон-тарож қилиш назарда тутилади.

Аслини олганда коррупция тушунчаси анчайин кенг бўлиб, қуйи табақадан тортиб то юқори табақагача бўлган аҳолининг деярли барча ижтимоий қатламлари, нафақат давлат, балки хусусий соҳаларни ҳам қамраб олади.
Коррупцияда доим камида икки томон иштирок этади: бунда бир томондан ноқонуний йўл билан бойлик орттираётган (ўзи ёки учинчи шахс учун) мансабдор шахс ва бошқа томондан мансабдор шахсдан актив ёки пассив усулда унинг манфаатини кўзловчи қарор қабул қилинишини кутаётган шахс.

Ҳуқуқни мухофаза қилиш тизимидаги коррупция миллий хавфсизликка таҳдид солувчи омиллардан бири ҳисобланади, чунки у молия тизимини, аҳолининг давлатга бўлган ишончини, шунингдек, давлат хизматчиларининг ўзларининг бойликларидан фойдаланиб, ўзларининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш қобилиятига путур етказади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ушбу ҳодисанинг сабаблари орасида қуйидагилар мавжуд.
- шахснинг ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликдан қочиш истаги;
- ҳуқуқий онгнинг паст даражаси ва пора берувчи томонидан қонун талабларини эътиборсиз қолдириш, унинг пора мақсадга мувофиқлигига ишониши;
- одамнинг асоссиз хаёлпарастлиги, бошқа одамларнинг "маслаҳати билан" ҳаракат қилиш мойиллиги;
- қонуний даъволар ҳам қонуний равишда қондирилиши мумкин емас деган ишонч;
- ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг меҳнат фаолиятини молиялаштиришнинг етарли емаслиги ва бошқалар.

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар шароитида давлат қурилиши ва ҳуқуқий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини аниқлаштириш, унинг мақсад ва вазифаларини ислоҳотларнинг бугунги тараққиёти асосида шакллантириб бориш, инсон манфаатларини таъминлашнинг стратегик жиҳатдан янги воситалар билан бир қаторда, ҳам тактик хусусиятга эга бўлган янги усулларни қўллаш, шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш, коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжи вужудга келиши билан белгиланади ва бу иллатга қарши курашиш, порахўрликнинг барча кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, 6 боб ва 34 моддадан иборат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси қонунида коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар ва меъёрлар белгиланган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонида божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган бўлиб, божхона органларида коррупция ва тамагирликка қарши курашиш, турли салбий иллатларнинг олдини олиш масаласи ҳамиша устувор вазифалардан бири бўлиб келмоқда.

Божхона ходимлари томонидан коррупция ва бошқа қонунбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, божхона органлари шахсий таркиби ўртасида профилактика ишларини, коррупцияга қарши курашишни кучайтириш ҳамда тизимда нопок ходимларга нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, фаолиятга татбиқ этилмоқда. Натижада божхона постларининг иш унумдорлиги, қонунбузарлик ва порахўрлик иллатларини олдини олиш мақсадида ходимларнинг функционал вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари кучайтирилиб, доимий моддий рағбатлантирилиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз Президенти, Хукуматимиз ва ДБҚ Раиси томонидан ходимларга бир қанча қулайликлар яратилаётганлиги, бундай имкониятларни қадрига етиб, чин дилдан ўз хизмат вазифаларини амалга ошириш, берилган топшириқларни сидқидилдан ўз вақтида бажариш лозим ва Ватан манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, халқнинг дардини ўз дарди деб билган ходимдан порахўрлик каби иллат ортга чекиниши, шубҳасиз!

Ф.Каримов
Андижон вилояти божхона бошқармаси
Катта инспектори

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупция - мамлакат ривожига таҳдид!