
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Интернет тармоғида фуқароларнинг “Recruit Consulting Work Xususiy bandlik agentligi” МЧЖ ишчилари уларга Швейцария ва Австрияда ишга жойлашишда ёрдам беришларини ваъда қилиб, хизмат учун пул олгач ваъдаларида турмаганликлари ҳақида видеоси тарқалди. Алданган фуқаролар видеомурожаатни интернетга жойлаштиришга қарор қилишган.
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати маълум қилишича, ўтган йилнинг июль ойида 37 ёшли Д.И., 45 ёшли М.К. юқоридаги масъулияти чекланган жамиятга мурожаат қилишган ва у ерда уларга 25 миллион сўм ва 16 миллион сўм эвазига қариндошларини чет элда ишга жойлаштириш ваъда қилинган. Шу билан бирга, корхона томонидан бир марталик консультация учун шартнома тузилиб, фуқароларга тақдим этилган. Алданган аёллар ушбу шартномаларни имзолаганлар ва тўлов тўлиқ МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган.
Тергов давомида аниқланишича, ушбу аёллардан ташқари мазкур МЧЖга яна 22 киши мурожаат қилишган ва уларга ҳам худди шундай шартномалар тақдим этилиб, жами 445 000 000 сўм олинган. МЧЖ раҳбарлари ваъда қилган ишларини бажармасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаганлар.
Ушбу факт асосида МЧЖ раҳбарларига нисбатан 2019 йил 23 ноябрь куни Тошкент шаҳар прокурори томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) 4-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди.
2019 йил 23 декабрь куни МЧЖ офисида ўтказилган тинтув давомида ашёвий далиллар сифатида қуйидагилар топилган: имзоланган шартномалар, сертификат, муҳр ва бошқа ҳужжатлар. 2019 йил 27 декабрь куни МЧЖнинг ҳисоб рақами “музлатилди”.
ИИББ маълумотида айтилишича, “Recruit Consulting Work xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг жиноий фаолиятидан жабр кўрганлар Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилишлари мумкин: 71-281-90-75, 71-252-55-02, 71-281-92-31, 71-281-91-85. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар