11:01 / 16.04.2020
2 031

Миллионлаб инфекция ташувчига ташхис қўйилмаганми? Математик моделлаштириш орқали пандемиянинг аниқ манзараси олинди

Миллионлаб инфекция ташувчига ташхис қўйилмаганми? Математик моделлаштириш орқали пандемиянинг аниқ манзараси олинди
Фото: Аhval
Бугун тиббиёт муассасаларига тушаётган фавқулодда катта юклама туфайли COVID-19 бўйича жаҳон бўйлаб олинаётган расмий статистика амалдаги реал ҳолат билан тафовутга эга бўлиб қолмоқда. Naked-science.ru нашрининг хабар беришича, буни тўғирлаш учун олимлар математик моделдан фойдаланишни таклиф қилди. «Дарё» мақолани таржима тариқасида тақдим этади.

Коронавирус билан касалланишлар сонининг аниқ ҳисоб-китобини юритиш диагностика ва пандемик вазиятни реал баҳолаш учун катта имконият яратади ва у орқали ҳолатни таҳлил қилиб, тегишли тайёргарлик ишларини ташкиллаштириш мумкин. Бироқ Infection Control and Hospital Epidemiology журналида эълон қилинган мақолада Вашингтон университети профессори Стивен Кранц томонидан таъкидланишича, ҳозирги вазиятда диагностика қилинган инфекция юқтиришлар сони ва тузалган ҳамда вафот этганлар сонини юритишда асл реал ҳолатдагидан кўра фарқлар бўлиши мумкин. У математик моделни қўллаш орқали пандемик вазиятнинг янада аниқ манзарасини олиш керак, дея таклиф қилмоқда.

Мақолада келтирилишича, математик модель клиникалар томонидан қайд қилинмай қолиб кетган беморлар сонини (касаллик симптомларсиз кечгани туфайли сезилмай ўтиб кетган ва шу сабабли статистикада қайд қилинмаган юқтирганлар сони) эътиборга олмасдан ҳам вазиятни аниқ баҳолаш имконини беради. Ҳисоб-китоблар холис бўлиши учун моделлаштиришда имкон қадар кўпроқ қўшимча омилларни инобатга олиш керак бўлади. Бундай омилларга, хусусан, аҳоли зичлиги ва муайян ҳудудлардаги аҳолининг ёш тоифасига кўра структураси киради.

«Пандемияга амалий тайёргарлик қанча касал қайд қилинганидан қатъи назар аҳоли орасидаги реал вазиятдан келиб чиқиши керак», – деб фикр билдирган мақола ҳаммуаллифларидан бири, математик моделлаштириш мутахассиси Сринаваса Рао. «Кўрсаткичлар қанчалик аниқ бўлса, биз пандемия борасидаги реал вазият қандай эканини билиб борамиз, вирусли пандемия яна қанча давом этишини баҳолашимиз мумкин бўлади. Реал воқеликка имкон қадар яқин олинган маълумотлар эса ҳукумат вакилларига ва тиббиёт тизимига айнан қандай сценарийга тайёргарлик кўриш кераклигини тушунишга ёрдам беради», – дея қўшимча қилган у.

Тадқиқотчилар ўзлари таклиф қилган математик моделда ЖССТ томонидан тақдим этилган инфекцияни юқтириш бўйича жаҳон бўйлаб қайд қилинган ҳолатлар статистикасидан фойдаланган. Шунингдек, улар муайян ҳудудлардаги аҳоли зичлиги ва ёш структурасига оид маълумотларни моделга татбиқ этган. Унда аҳоли уч хил ёш тоифаси бўйича гуруҳларга ажратилган бўлиб, бу гуруҳлар 0-14 ёшли аҳоли сони, 15-64 ёшли аҳоли сони ва 65 ёш ва ундан катталар сонини қамраб олади. Математик моделда «юқтириш эҳтимоли» параметри ҳам киритилган. Бундан ташқари, моделда юқтирганлар сонининг кунига 10 нафардан ортганидан бошлаб, энг чўққисига чиқишигача бўлган вақт орасида қанча одам касалланишини аниқловчи сценарий назарда тутилган.

Амалга оширилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Италияда 9 мартгача бўлган пайтда рўй берган ҳар тўртта реал юқтириш сонига фақат битта қайд этилиш сони тўғри келди (аслида, тўртта юқтирганлардан амалда фақат биттаси аниқланган холос). Мутлақ ифодада эса бу кўрсаткич ўша пайтда Италияда 30 223 нафар касал юқтирган одам аниқланмай қолиб кетган, дегани бўлади. Бу эса Италиянинг нега бу қадар мушкул аҳволга тушганига изоҳ бўлиши мумкин. Шунга қарамай мақола муаллифларининг фикрича, Италиядаги аҳоли зичлигининг жуда катта экани ва урбанизация даражасининг юқорилиги инобатга олинса, Италия соғлиқни сақлаш тизими аслида ёмон ишламади дейиш мумкин эди.

Модель Жанубий Корея учун ҳам тахминан шундай натижани тақдим этди. У ерда ҳам аниқланган беморлар сони инфекцияни юқтириб ташиб юрганларнинг реал сонининг чорак улушини ташкил этади холос. Бошқа давлатларда эса аҳвол бундан ҳам ёмон эканини модель кўрсатиб берди. Масалан, математик модел тақдим қилган натижага кўра, 19 март санасига келиб Испанияда аниқланган беморлар сони реал миқдордан кўра 53 марта кам бўлган! Коронавирус юқтирган ва унинг ташувчиси бўлган ҳар 53 та одамдан фақат биттасини тиббиёт тизими қайд этган холос.

Бу ўша пайт Испанияда 87 405 та инфекция ташувчи аниқланмай қолиб кетган деганидир. Модель Хитойдаги реал вазият бундан ҳам ёмон бўлган деган хулосани берди. Ҳисоб-китобларга кўра, у ердаги реал ҳолат ва аниқланган ҳолатлар нисбати бирга 104 дан ортиқ ва ҳатто бирга 149 та бўлган бўлиши мумкин. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлган бўлса, демак, Хитойда миллионлаб инфекция ташувчиларига ташхис қўйилмасдан қолган бўлиб чиқади.

Диагностика борасида энг яхши кўрсаткичлардан бирини ушбу инфекциядан бугун ҳаммадан кўп жабр кўраётган давлат – АҚШ қайд этди. Рао таклиф қилаётган математик моделга кўра ҳисоблашлар АҚШда 6 апрель ҳолатига реал касалланганларнинг учдан икки қисми аниқ қайд этилгани ва тегишли диагностика билан таъминланганини кўрсатди. Бу бутун АҚШ бўйлаб аниқланмай қолиб кетган ташувчилар 194 минг атрофида бўлади демакдир.

Мавжуд маълумотларнинг ноаниқлиги ёки реал ҳолатдан фарқ қилиши нафақат COVID-19 пандемияси учун, балки бошқа яна кўплаб инфекцион хасталиклар учун ҳам оғриқли муаммодир. Олимлар таклиф этаётган юқоридаги математик моделлаштириш методикаси дунё бўйлаб тиббиёт соҳаси мутахассисларига муаммонинг кўламини тўлиқроқ баҳолаш ва эпидемия манзарасини мукаммалроқ тасаввур қилиш имконини бериши мумкин. У орқали воқеалар ривожига мос тайёргарлик ва олдиндан чоралар кўриш орқали ўлимлар сонини камайтириш мумкин бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллионлаб инфекция ташувчига ташхис қўйилмаганми? Математик моделлаштириш орқали пандемиянинг аниқ манзараси олинди