19:06 / 20.04.2020
2 819

Ўзбекистонда фойдаланилмаётган ерлар аҳолига мева-сабзавот етиштириш учун берилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда фойдаланилмаётган ерлар аҳолига мева-сабзавот етиштириш учун берилиши кутилмоқда
Ўзбекистонда фойдаланилмаётган ва ерости сувлари мавжуд бўлган ер майдонлари фойдаланишга киритилиб, аҳолига имтиёзли лизинг шартлари асосида берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Унга кўра, мазкур ер майдонлари мева, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш, иссиқхоналар барпо этиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан ажратилади.

Қайд этилишича, бундан кўзланган мақсад ҳозирги глобал инқироз ва коронавирус пандемияси шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлаш, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш ва экспортни амалга ошириш ҳисобланади.

Фойдаланилмаётган ва ерости сувлари захираси мавжуд бўлган ер майдонларини ўзлаштириш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Узум етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига биринчи босқичда 300 миллиард сўм ажратилади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзлаштирилган ер майдонларида мева, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш, иссиқхоналар барпо этиш қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:
  • тижорат банкларининг оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари, жумладан, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратадиган кредитлари, халқаро молия институтлари, ташаббускорларнинг ўз маблағлари, хорижий инвестициялар;
  • Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Узум етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
  • Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
  • Ўзлаштирилган ер майдонларида мева, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш, иссиқхоналар барпо этиш учун аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, йиллик фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида имтиёзли лизингга берилади.

Янги ўзлаштирилган ер майдонларига бўлган ижара ҳуқуқи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчиликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан аниқ озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5—10 йилга сотилади. Бунда ижара ҳуқуқини сотишдан тушган маблағлар янги ер майдонларининг фойдаланишга киритиш учун сарфланади. Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси 3 майга қадар давом этади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда фойдаланилмаётган ерлар аҳолига мева-сабзавот етиштириш учун берилиши кутилмоқда