16:56 / 22.04.2020
2 976

Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади

Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади
2020 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 21 апрель куни имзоланган «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан қуйидаги янгиликлар жорий этилади:

– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва у паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди;

– доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилади;

– Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;

– Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;

– Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;

– туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумотларни киритиш йўли билан уни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади