09:46 / 23.04.2020
2 180

Президент ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш бўйича кўрсатма берди

Президент ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш бўйича кўрсатма берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Коронавирус пандемияси сабабли дунёдаги миллионлаб корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатгани 2 миллиард 700 миллион ишчига таъсир кўрсатди. Жаҳонда камбағал аҳоли сони қарийб 2 бараварга ёки 500 миллион кишига кўпайиш хавфи юзага келмоқда.

Мамлакатимизда карантин туфайли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайган. Карантин туфайли, табиийки, ишсизлар сони ҳам ошган.

Йиғилишда карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласи Самарқанд ва Наманган вилоятларида амалга оширилаётган ишлар мисолида муҳокама қилинди.

Тадбиркор ва фермерлар камбағал оилаларга томорқада экин экишга ёрдам бериши, такрорий экин учун ўз еридан жой ажратиши, касаначиликни йўлга қўйишда кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Давлат эса бундай субъектларга солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш, муддатини кечиктиришга рухсат беради.

Мисол учун, Самарқанд вилоятида “Агромир” корхонаси раҳбари бир мингта оилани қарамоғига олиб, 600 гектарда янги токзорлар барпо этиш ишларини бошлаган. 500 дан зиёд камбағал оилани кооперативга доимий ишга олиб, янги токзорлар орасини уларга бўлиб берган ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйган. Қирқ кунда ҳосил олса бўладиган бодринг уруғини тарқатиб, экиш ҳаракатларини бошлаган. Қурилиш ишларига яна 100 та одамни ишга олган.

Яна бир мисол: Самарқанд шаҳридаги “Азия металл проф” корхонаси раҳбари мингта оилага озиқ-овқат тарқатган, 10 га яқин эҳтиёжманд оилага уй қуриб бериш, 100 нафарини ишга олиш ташаббуси билан чиққан. Шунингдек, Наманган вилоятидаги “Арт софт” кластери таъсисчилари Наманган шаҳри, Поп, Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларида 3 минг нафар оилага ёрдам бериш ташаббуси билан чиқдилар.

Бу борадаги тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси масъуллигида вазирлик ва ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи оператив штаб тузилади.

Барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқлаб, шакллантирилган рўйхатлар асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни манзилли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Карантиндан олдин ҳам ишсиз бўлган ва кунлик даромад асосида яшаб келган одамларни фаол меҳнат орқали иш билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва хонадонларда иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига 14 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. 110 минг кишини мавсумий, 167 минг фуқарони жамоат ишлари билан қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Бугунги кунда кўплаб ёшлар уйида ўтириб, интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматлар кўрсатмоқда. Лекин бундай мутахассислар, яъни фрилансерлар учун масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Оқибатда ушбу фаолият билан шуғулланувчиларнинг харажатлари 2-3 баробар ошиб кетмоқда.

Шу боис мутасаддиларга бундай фаолият турлари учун имтиёз ва преференциялар бериш, ёшларни интернетдан фойдаланиб, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатиш, соҳани ривожлантириш учун хорижда оммабоп бўлган тўлов тизимларини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш бўйича кўрсатма берди