
Бухорога 27 апрель оқшомида Туркманистондан кучли шамол ёпирилди. Бу офатдан Олот ва Қоракўл туманлари жабр кўрди.
Натижада энергетика объектлари ишдан чиқди. Аҳоли ўртасида эса бунинг оқибатида Амударёдаги насослар ишламай қолгани учун кучли сув тошқини бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Сув тошишидан қўрққан Қоракўл аҳолиси Замонбобо қирга қочди.
Ҳокимлик хабарларни рад қилгач барча уйига қайтди.
Мазкур воқеага Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳам аниқлик киритди.
Маълум қилинишича, Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган нуқтасидаги Термиз сув ўлчаш постида ҳозирда ўртача 1300 м3/сек. сув оқиб ўтмоқда. Бу кўрсаткич ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан 3–4 бараварга камдир. Шунингдек, Амударёнинг Бухоро вилоятига сув олиш ҳудудида жойлашган Атамират сув ўлчаш постида ҳам бугунги кунда ўртача 805 м3/сек. сув оқиб ўтаётган бўлиб, кўп йиллик меъёрга нисбатан 4 бараварга камдир.
Амударёнинг асосий ирмоғи бўлган Вахш дарёсида жойлашган Тожикистоннинг Нурек сув омбори умумий ҳажми 10,5 млрд. м3 бўлиб, бугунги кунда мазкур сув омборида сув ҳажми бор-йўғи 6,2 млрд. м3 ни ташкил этади ёки сув омборда сув захираси деярли қолмаган (сув омборининг ўлик сув ҳажми 6,0 млрд. м3).
“Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев Амударёдаги сув ресурсларига боғлиқ вазиятни Тожикистон Республикаси Сув ва энергетика вазири Усмонали Усмонзода билан телефон орқали муҳокама қилган. Тожикистонлик вазир суҳбат давомида Амударёда ҳеч қандай тошқин бўлиши мумкин эсмаслиги ва бунга бирор-бир омил йўқлигини таъкидлаган.
Шундан кўриниб турибдики, Амударёда сув кўпайиши кузатилаётгани йўқ ва бунга ҳеч қандай сабаб ҳам мавжуд эмас”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Каспий денгизида сув тошқини бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига, шу жумладан, Олот ва Қоракўл туманларигача етиб келиши борасида тарқалган мишмишлар мутлақо асоссиздир. Чунки халқаро сатҳлар шкаласига (Болтиқ тизимига) нисбатан Каспий денгизининг сув сатҳи 27 метр пастда, Олот ва Қоракўл туманларининг ер сатҳи эса ўртача 190 метр юқорида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, Каспий денгизининг сув сатҳи Олот ва Қоракўл туманлари ер сатҳидан ўртача 217 метр пастда ҳамда 950 км узоқликда жойлашган.
“Сув хўжалиги вазирлиги халқимизга шуни катта ишонч билан таъкидлайдики, Амударёда, қолаверса, Олот ва Қоракўл туманларида ҳеч қандай сув тошқини кузатилмаяпти ва ҳозирги шароитда бунинг асло эҳтимоли ҳам мавжуд эмас.
Шу сабабли ҳалқимизни турли мишмишларга ва асоссиз хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар