22:55 / 14.05.2020
2 443

МИБнинг Тошкент туман бўлими ходимлари тўловларни кирим қилмагани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди

МИБнинг Тошкент туман бўлими ходимлари тўловларни кирим қилмагани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди
2020 йилнинг 12 май куни ижтимоий тармоқларида Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси Тошкент туман бўлими ходимлари аҳолидан тушган тўловларни кирим қилинмагани сабабли қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов изоҳ берди.

Маълум қилинишича, МИБнинг Тошкент туман бўлимида хизмат қилаётган айрим давлат инспекторларининг фаолияти ва уларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича келиб тушаётган тезкор маълумотлар ўрганилди.

Бундан ташқари, бу борада бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳам ҳамкорликда ходимларнинг орасида нопок ишлаётган ва коррупцион ҳолатларга йўл қўяётганлари ҳақидаги тезкор маълумотлар асосида ҳозирда текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фаррух Тошпўлатовнинг таъкидлашича, агар ушбу ходимлар томонидан қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйилгани аниқланса, уларга нисбатан кескин ва қатъий чоралар кўрилади, жавобгарлик масаласи ҳам албатта таъминланади.

Унинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган, ходимларнинг қўлга олингани, товламачилик қилгани ҳақидаги маълумотлар асосга эга эмас.
«Бунга текширув ишлари жараёнида аниқлик киритилади ва айби аниқланган ходимлар, албатта, қонун олдида жавоб беради», — деди Фаррух Тошпўлатов.

Унинг қайд этишича, аҳолидан коммунал хизматлар ва маиший чиқиндилар учун қабул қилинаётган тўловларнинг тушуми кунлик назорат қилиб борилади.
МИБ вакилининг маълум қилишича, коррупция ҳолатларига кўпроқ дуч келаётган соҳа вакилларидан бири бу Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳисобланади.

Таъкидланишича, ходимлар ўртасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда бунга имкон берадиган шарт-шароитларга барҳам бериш борасида 2020 йил бошидан буён 1370 ортиқ профилактик тадбирлар ўтказилган. «Шунингдек, профилактик тадбирларнинг таъсирини ошириш мақсадида ходимларнинг ота-оналари билан ҳам учрашувлар ўтказилмоқда», — дейилади МИБ вакилининг изоҳида.

Маълум қилинишича, шу кунга қадар Мажбурий ижро бюросининг 134 нафар ходимига нисбатан 71 та хизмат текшируви ўтказилиб, 38 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган. Шундан 9 нафари бюро органларидан бўшатилган, 7 нафари эса ўз лавозимидан озод қилинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » МИБнинг Тошкент туман бўлими ходимлари тўловларни кирим қилмагани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди