12:00 / 03.06.2020
2 910

Ҳангома

Ҳангома
Салом! Нега хомуш ўтирибсиз?! Ҳаёт мураккаб, яшаш қийин, муаммо кўп дейсизми? Ҳаммасини тўплаб, бир конвертга солинг-у, четга суриб қўйинг. Яхшиси, сизга ажойиб ҳангома сўзлаб бераман.

Бу воқеа айнан куз чоғлари содир бўлган. Ўшанда дорилфунундаги маърузалар биз талабалар учун уйқу доридек гап эди. Бироқ француз тили дарси мен ва ўқитувчим учун жанг майдони бўлса, гуруҳдошларим ўзларини заковат ўйинига тушиб қолгандек ҳис қилишарди.

Хуллас, домлам ҳам, мен ҳам бир-биримизни роса “савалардик”. Янги мавзуни тушунтириб тугатган домлагинамга энг мураккаб, теша тегмаган савол ўқлари мен томонимдан ёғиларди. Бунинг учун мен озмунча меҳнат қилмасдим, туни билан китоб титкилаб, француз тили ва Францияга оид саволларни тўплардим.

Домлам эса уларнинг баъзиларига жавоб берар, жавоб тополмаса менга жавобан ғазаб ўқларини йўлларди. Мабодо чархи фалак тескари айланиб, у декан бўлиб қолганидами, мен бечора аллақачон “паттамни” олиб уйга қайтардим. Ҳар дарс у мени қовоқ уйиб, саломимга аликсиз кутиб олади. Аввалдан келиша олмаганимиз сабаб мен ҳам саволларни атайин беравераман, баҳонада француз тилини анчагина ўрганиб ҳам қўйибман.

Лекин ўша куни барчаси бошқача тус олди. Қандай дейсизми? Эшитинг бўлмаса: доимгидек дарсга кеч кирдим, домлам мени кўриб дик этиб ўрнидан турди-ю, французчалаб мен билан қуюқ сўрашди, қовоғидаги қор ўрнига кўзларида қуёш чарақлайди. Кўзларимни ишқалаб кўрдим, йўқ, туш эмас. Хуллас, ўқитувчим хурсанд ҳолда дарс ўтди, сўнг менга юзланиб, саволинг бўлса, марҳамат, деди. Тавба, дедим ҳайрон қолиб. Дарс якунлангач, “Дилбар, сенда гапим бор” деб қолди.

Нима бўлди экан, ўлдим энди деб турсам, у ёнимга келиб, “сенга раҳмат айтмоқчиман, сабаби сенинг саволларинг туфайли мен ҳар куни китоб ва интернет олдидан кетолмайдиган бўлиб қолгандим. Яқинда бир саволингга жавоб излаётиб, грантлар дастурлари билан танишиб қолдим. Сўнг менга маъқул келиб, ҳужжатларимни жўнатгандим. Тасаввур қилаяпсанми, мен грант ютиб олдим, энди ўзлари чақиришяпти. Бунинг учун сенга катта раҳмат” деса бўладими?! Ҳайратдан нима дейишни билмасдим., мени кўрарга кўзи йўқ устозимнинг кўзлари бугун меҳрга тўла.

Бу хабарни курсдошларимга айтганимда улар энди зерикарканмизда, деб қўйишди. Ўша куни дугонам билан автобусга чиқдик. Икки бўш ўриндиққа ўтириб, француз тили домламизни муҳокама қила кетдик. Шунда автобусга “модний”гина, кампир деса ёшроқ, аёл деса қарироқ бир хоним чиқди. Ёнимга келиб тепамда қаққайиб туриб олди. Дугонам ва мен француз тилини анча яхши билганимиз сабаб, баъзан нозик гапларни французчада ғийбатлашардик. Ўша пайтда ҳам шундай вазият бўпқолди.

Мен: “Кампиршо бошимга келиб туриб олди, жой бермасак русчалаб дийдиё қилади,” дедим-да, ўрнимдан турдим. Дугонам Маҳбуба ҳам туриб олди. Негадир кампирча жилмайиб қўйди-да, раҳмат айтиб ўтирди. Иккимиз унинг сочларини, кийимларини “рентген қила бошладик”, бу эса муҳокама учун ажойиб мавзу эди.

Мен яна французчалаб “Маҳбу, кампирнинг диди чаккимас, костюм-юбкаси жуда қиммат бўлса керак” дедим. Дугонам “Ҳа, сочини қанақа краскага бўяган экан-а?” деди.
“Оддийга ўхшамайди, лекин ўзига ярашмабди, туфлигиям чет элники шекилли,” дедим давом эттириб.

“Биз ҳам қариганимизда шунақа ясан-тусан қилиб, чиройли бўлиб юра олармиканмиз?” деди дугонам.
“Бу гўзал кампир қаерда ишларкин?” Хуллас, “қарироқ аёл” юз фоиз таҳлил қилинди. У негадир мийиғида кулиб қўярди.

Орадан бир ҳафта ўтди, биз у аёлни ёдимиздан чиқаргандик ҳам. Бироқ энг даҳшатлиси яна француз тили дарсида юз берди. Ўша куни француз тили домламиз йўқ деб, Маҳбуба иккимиз хонага бемалол кириб келдик. Ўқитувчи ўрнида ўтирган аёлни кўриб, кўзларимни ишқаладим, туш эмас, афсуски.

Бу биз автобусда обдон муҳокамадан ўтказганимиз-замонавий кампиршо эди. Бизни кўрди-да, саломлашиб, жойимизга ўтиришимизни айтиб, кулиб қўйди. Талабалар билан бирма-бир танишишни бошлади. Навбат менга келди. Юрагим қўрққанидан қаёққадир қочиб кетмоқчидек тез-тез урарди.

Шунда у француз тилида “мен сизни танийман” деса бўладими, тахтадек қотдим. У давом этди “бугунги кийимим қалай, ўзимга ярашибдими, сиз айтганчалик қиммат эмас, сочимнинг рангига нима дейсиз, бу сафар сизга маъқулми, менга ярашибдими?”

“Ҳа”, дея олдим холос!

Муаллиф Дилором Бегматова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳангома