20:39 / 29.06.2020
2 065

Британиялик прокурорлар Гулнора Каримова жазо ўтаётган қамоқхонага келишлари мумкин

Британиялик прокурорлар Гулнора Каримова жазо ўтаётган қамоқхонага келишлари мумкин
Gorse Hill Manor
Буюк Британия прокурорлари ушбу мамлакатда музлатиб қўйилган қиймати 29 млн долларлик мулклар тўғрисидаги ишни якунлаш учун Гулнора Каримова жазо ўтаётган қамоқхонага келишларига тўғри келиши мумкин.

Bloomberg агентлигининг Британиянинг Ўта йирик миқдордаги товламачиликларга қарши курашиш бюросига (Serious Fraud Office – SFO) таяниб хабар беришича, суд қарори чиқарилганига икки йил бўлганига қарамасдан, Гулнора Каримова ва мазкур иш бўйича унинг шериги Рустам Мадумаров озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташаётгани учун бу ҳужжатни уларга беришнинг имкони бўлмаган.

SFO 2018 йил октябрда Гулнора Каримова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Рустам Мадумаровнинг Буюк Британиядаги мулкларини хатлаш бўйича ушбу мамлакат олий судига даъво киритганди. Бюронинг билдиришича, бу мулклар уларнинг Ўзбекистондаги коррупцион келишувлардан олган даромадларига сотиб олинган.

Гап Суррей графлигидаги қаср ва Лондоннинг нуфузли районларида жойлашган иккита квартира ҳақида бормоқда:
- Каримова Суррей графлигидаги Gorse Hill Manor номли йирик мол-мулкни 2010 йилда 18 млн фунт стерлингга ($23,5 млн) сотиб олган. Ҳозирда бу объект 30 млн фунт ($39 млн) туради;
- Лондондаги квартиралардан бири Мейфэр районида бўлиб, 8 млн фунт ($10,4 млн), иккинчиси Белгравия районида бўлиб, 2 млн фунтов ($2,6 млн) туради.

Расмий маълумотларга кўра, Гулнора Каримова, Рустам Мадумаров, кичик Ислом Каримов (Гулнора Каримованинг ўғли) ҳамда PORCHESTER INDUSTRIES LIMITED, OREGON GROUP LIMITED, RAWTENSTALL INTERNATIONAL LIMITED компаниялари ушбу мол-мулкларнинг эгаси ҳисобланади.

Bloomberg мақоласида ёзилишича, британиялик прокурорларнинг Лондонга ташрифи коронавирус пандемияси боис ҳам кечиккан ва улар эндиликда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ёрдамига умид қилмоқда.

Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган суд эшитувларида Гулнора Каримованинг ҳимояси томонидан унинг ўғли – кичик Ислом Каримов иштирок этди. Унинг адвокати Хьюго Кейт мулкларни музлатиб туриш тўғрисидаги қарорнинг узайтирилишига қаршилик билдирмади.

Адвокат Кейтнинг сўзларига кўра, унинг мижози Ислом Каримов онаси Буюк Британиядаги мулкларни қонуний йўл билан сотиб олганига ишонади, аммо буни исботлаш учун у билан тўғридан-тўғри боғланиш керак. Унинг фикрича, Ўзбекистонда буни амалга оширишнинг деярли имкони йўқ.

Аввалроқ Ўзбекистон Молия вазирлиги Гулнора Каримованинг Париждаги кўчмас мулк сотувидан тушган 10 млн доллардан ортиқ маблағ қаерларга сарфлангани ҳақида маълумот берганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)