18:23 / 01.07.2020
3 322

Андижондаги қийноқ воқеаси бўйича ИИБ бошлиғи ҳам қамоққа олинган

Андижондаги қийноқ воқеаси бўйича ИИБ бошлиғи ҳам қамоққа олинган
Фото: Халқаро пресс-клуб
Андижондаги ҳолат бўйича жиноят иши 16 июнь куни Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олинган. Тергов давомида 27 июнь куни жиноятга алоқадор деб топилган яна 2 киши қамоққа олиниб, ушбу иш иш доирасида қўлга олинганлар сони 5 нафарни ташкил этмоқда.

Халқаро пресс-клубнинг Андижондаги қийноқ билан боғлиқ воқеага бағишланган сессиясида Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов жиноят ишининг янги тафсилотлари билан таништирди.

«Ўрганишлар натижасида аниқ бўлишича, Андижон шаҳар Ички ишлар органлари Фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари фуқаро А.Абдукаримовни ярим тунда уйидан машинага мажбурлаб ўтқазиб олиб келиб, у қимматбаҳо «Рубин» тошини олганини бўйнига олиши учун унга зўрлик ишлатган.

Аниқланишича, фуқаро А.Сотволдиев «Рубин» қимматбаҳо тошини олиб қайтариб бермаётган А.Абдукаримовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ИИБга ёзма равишда мурожаат қилган
», дея маълумот берди Бош прокуратура масъули.

30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига фуқаро А.Абдукаримов тан жароҳатлари билан келиб тушгач, мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куннинг ўзида Андижон шаҳар 4-сон ички ишлар бўлими ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, яъни ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш даъвоси билан жиноят иши қўзғатилган.

«Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ жиноят-қидирув гуруҳи уч нафар тезкор вакили 29 май куни соат тахминан 22:00ларда фуқаро А.Абдукаримовнинг яшаш хонадонига бориб, ўзларига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этган. Жумладан, улар А.Абдукаримовни автомашинага мажбурлаб ўтказиб, 4-сон ИИБнинг маъмурий биносига олиб келган ва юқорида кўрсатилган қимматбаҳо тошни олганлиги ҳақида иқрорлик кўрсатуви беришга мажбурлаш мақсадида зўрлик ишлатиб босим ўтказган», деди Ҳаёт Шамсуддинов.

Қайд этилишича, ИИБ ходимлари фуқаро А.Абдукаримовни 30 май куни тонгги соат 06:00га қадар бўлимда ноқонуний ушлаб туриб, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказган. Абдукаримовнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани сабабли, у ИИБдан Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига олиб келинган.

Иш бўйича ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида А.Абдукаримов оғир тан жароҳати олгани кўрсатилган. Жабрланувчига шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамай, у олган оғир тан жароҳатлари оқибатида 11 июнь куни вафот этган.

Мазкур жиноят иши 16 июнь куни Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олинган. Тергов давомида 27 июнь куни жиноятга алоқадор деб топилган яна 2 киши – 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов ҳамда мазкур бўлим жиноят-қидирув гуруҳининг яна бир тезкор вакилига айб эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Бош прокуратура вакили жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётганини, маълумотлар доимий бериб борилишини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирлиги 14 июнь куни Андижондаги воқеа бўйича фуқарони калтаклашда иштирок этган уч нафар ИИБ ходимлари - Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров қамоққа олингани, шунингдек, яна икки раҳбар ходим - Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижондаги қийноқ воқеаси бўйича ИИБ бошлиғи ҳам қамоққа олинган