23:15 / 17.07.2020
4 840

Уйда даволанаётган беморларга тавсия қилинган дориларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берилди

Уйда даволанаётган беморларга тавсия қилинган дориларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берилди
Бугун, 17 июль куни Республика махсус комиссияси аъзоси, профессор Феруза Ҳамробоева уйда даволанаётган фуқаролар учун тарқатиладиган дори-дармонлар рўйхати ва уларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берди.

«Ҳукумат томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлигига махсус топшириқ берилди. Унга кўра, зудлик билан коронавирус билан оғриган беморларни даволаш учун дорилар жамланмасини шакллантириш зарур. Бу дори-дармонлар жамланмаси эса ЖССТ кўрсатмаларига асосан танланиши керак.

Дори-дармонлар жамланмасининг уйда даволанаётган беморларга тарқатилиши алоҳида аҳамиятга эга», – деди Феруза Ҳамробоева.

Унинг маълум қилишича, шакллантирилган дори-дармонлар жамланмаси алоҳида қутичага жойлаштирилади ва «COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари тўплами» деб номланади. Дори тўплами қутичасига бепул тарқатилиши шартлиги ва албатта шифокор маслаҳати билан ичиш кераклиги ҳақида қайдлар ёзилган.

«Тўпламдаги дорилардан бири – гидроксихлорохин. У битта конвалютадан ташкил топган ва ҳар бир таблетка 200 мг.дан иборат. Бу дори воситаси аслида безгакни даволаш бўйича клиник қўлланмаларга эга, лекин ЖССТнинг охирги кўрсатмаларига биноан коронавирус учун ҳам самарали деб топилган.

Гидроксихлорохин дори воситаси кунига 2 маҳал битта таблеткадан овқат вақтида қабул қилинади. Дорини қабул қилиш давомийлиги 2 кундан 5 кунгача ҳисобланади», – деди Феруза Ҳамробоева.

Профессорнинг қайд этишича, тўпламдаги кейинги дори воситаси азитромицин саналади. Бу дори макролидлар гуруҳига киради. Макролидлар эса антибактериал воситаларга мансуб ва анча кучли таъсирга эга.

«Арзитромицин ўзи мустақил тарзда вирусга қарши ишламайди, бу дори воситаси беморда вирус натижасида шамоллаш аломатлари келиб чиқадиган бўлса ва шифокор дорини қабул қилиш вақти етган, деб ҳисобласа, беморга тавсия қилинади.

Азитромицин кунига бир маҳал 500 мг овқатдан 1 соат олдин ёки овқатдан 2 соат кейин 3-5 кун давомида қабул қилинади. Азитромициннинг битта таблеткаси дозаси 250 мг.дан иборат, бу болалар учун тавсия этилган доза ҳисобланади. Шунинг учун катта ёшдагилар азитромицинни 2та таблетка сифатида қабул қилишади.

Тўпламдаги кейинги дори – парацетамол. Уни фақатгина иситма тушуриш учун эмас, балки оғриқ қолдириш учун ҳам истеъмол қилиш мумкин. Коронавирус беморлари учун эса парацетамол тана ҳарорати баландлашганда кунига бир маҳал тўқ қоринга ичиш тавсия қилинади. Агар дори тўқ қоринга ичилмаса, ошқозон шиллиқ қаватига салбий таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, уйда даволанаётган беморларга кукун шаклидаги С витамини – аскорбинка ҳам берилади. Бу витамин организмнинг касалликка қарши курашувчанлигини оширади. Витаминни сувга солиб кунига бир неча марта ичиш мумкин», – деди у.

Шунингдек, тўпламдан тиббий ниқоблар ҳам ўрин олган. Ниқоблар беморни бошқа оила аъзоларидан изольяция қилишда қўл келади.

«Коронавирус аломатларини сезган беморлар «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилишганда турли кечикишлар кузатилаётгани ҳақида ёзишмоқда. Бу масаланинг устида ишланяпти, лекин ҳали ишлар охирига етказилгани йўқ. Айни пайтда «Тез ёрдам» машиналари сони кўпайтирилмоқда ва бу машиналар коронавирус беморларига ёрдам кўрсатиш учун тўлиқ жиҳозланган», – дея қўшимча қилди Феруза Ҳамробоева.

Ўзбекистонда коронавирусдан уйда даволанаётганлар учун ҳалигача тавсиявий қўлланма йўқ.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уйда даволанаётган беморларга тавсия қилинган дориларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берилди