12:48 / 23.07.2020
1 907

Мубашшир Аҳмад: «Қуръонни азиз билган юртда қориларни хўрлаш қанчалар тўғри?»

Мубашшир Аҳмад: «Қуръонни азиз билган юртда қориларни хўрлаш қанчалар тўғри?»
Мубашшир Аҳмад
«Sevimli» телеканалида эфирда кетган Каттақўрғонда ноқонуний диний таълим берган фуқаронинг қилмиши фош этилганига оид лавҳа ижтимоий тармоқларда навбатдаги муҳокамани келтириб чиқарди.

Хонадондан бир нечта арабий ёзувда китоб топилганини (ҳали улар қандай манба экани маълум эмас) «қилмиш учун катта далил» тариқасида талқин қилиниб, суддан аввалоқ «ҳукм ўқиб» қўйилган лавҳа бўйича олим ва ношир Мубашшир Аҳмад босиқ ва кесин муносабат билдирди. У шундай ёзади:

«...Самарқандда Қуръон ёдлатаётган ҳужра фош қилинибди. Бу хабар ахборот воситаларида жиноят дея талқин қилинишига кўникиб ҳам кетдик.

Озгина инсоф ва адолат билан мулоҳаза қилайлик. Олдин ҳам, шу кунларда ҳам, коронавирус ё бошқа хасталикдан ўлсак, қабримиз устида Қуръон ўқилади. Касал бўлган ё бошига иш тушган каттаконлар ўзларига дам солдиргани, чилёсин қилдиргани қориларни чақиртиришади. Никоҳ тўйидан олдин Қуръон хатм қилиб юборилади. Турли маросимларимиз Қуръон тиловатисиз ўтмайди. Қуръон қироат қилиш диний маросимликдан кўра миллий урф-одатимизга айланиб бўлган. Шу даражадаки, Қуръони карим ёзилган қоғоз ё бошқа ашёни кўзимизга суртиб ҳурмат қиламиз.

Агар қонунларимиз Қуръон ўқишни «норасмий диний таълим», дея талқин қилаётган бўлса, уни бироз ўзгартириш ё бошқача талқин қилиш наҳот мумкин эмас?! Ахир Қуръон ёзилган қоғозни эҳтиром қилаётган биз, шундай экан, ичи Қуръонга тўла қорини ва шогирдларини шунчалар таҳқирлашимиз тўғрими?!

Худди шу модда билан ўзим судланганман.

Судда судья: «Юқори ташкилотдан рухсат олмай, норасмий диний таълим берган», иборасини ишлатган эди. Шунда мен: «Демак, қонунга кўра, мен масалан, Диний идорадан рухсат олишим мумкин экан-да», деганимда у: «Аниқлаш керак», деганди. Қонуннинг айнан шу моддасидан фойдаланиб, балки Қуръон ёдлаш курсларини лицензиялаш мумкин бўлар? Олдин Қуръон курслари очилган-ку, деманг (улар ҳозир ишлаётган ё ишламаётганидан хабарим йўқ). Чунки улар намоз ўқишга имкон берар даражада Қуръоннинг кичик сураларини таълим берадиган курслар бўлган, холос. Қўлга олинаётган ҳужраларда эса, Қуръони каримни тўлиқ ёдлатилади. Демак, бу бошқа мавзу.

Аллоҳнинг синови бўлаётган бу оғир кунларда, Қуръони каримни эҳтиром қилиш, бу азиз Китоб таълимотларига амал қилиш ўрнига, аҳли Қуръонни хўрлашимиз ва судлашимиз қай бир тушунчада тўғри ҳисобланади?!»

«...Озгина фикр қилиб, бу хатойимизни тўғирлаш вақти келди! Муқаддас Китобимиз Соҳиби — Аллоҳ таолонинг ғазаби намоён бўлаётган бу онларда, Уни рози қиладиган савобли ишларни амалга ошириш вақти келди! Устимиздаги балоларга қарши курашаётган эканмиз, бу балоларнинг Эгаси ва Жорий қилувчиси — Аллоҳнинг қаҳрини келтиришни тўхтатиш онлари келди! Балки аксига ҳаракат қилиб, Уни рози қиладиган ишларни амалга ошириш замони келди.

Агар Уни рози қилсак, бу балолар устимиздан аришига сабаб бўлади, иншааллоҳ! Аҳли Қуръоннинг тиловатлари баракотидан мусибатларимиз кўтарилади, юртимизга файзу-футуҳотлар ёғади. Фақат масъуллардан бу гапларга бепарво бўлмасликларини сўрайман. Чунки инсониятнинг келажаги ҳал бўлаётган кунларда яшаяпмиз», дейди Мубашшир Аҳмад.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)