10:33 / 27.07.2020
3 692

Ов қилиш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?

Ов қилиш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?
2020 йил 8 июлда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги ЎРҚ-627-сон Қонун эълон қилинди, у 3 ой ўтгач кучга киради.
Қонун билан ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ов қилиш учун ажратилган ҳудудлар, овчилик ресурсларини излаб топиш нормалари, ов қилиш қоидалари, овчилар ва овчилик хўжаликларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ов қилиш турлари, қуроллари ва усуллари, ёввойи ҳайвонларни тутиб олганлик ва отганлик учун тўлов миқдорлари белгиланган.

Norma’нинг ёзишича, ов қилинадиган ҳайвонлар популяцияси ва уларнинг яшаш муҳитининг давлат мониторинги белгиланган, ов қилиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар рўйхати ва турлари аниқлаштирилган. Шунингдек овчилик туризми ва чет эллик фуқаролар ов қилиш имкониятлари назарда тутиладиган бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Табиий эркинлик ҳолатида яшаётган ёввойи ҳайвонларни (уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини) тутиш мақсадида уларни излаш, уларнинг изига тушиш ва уларни таъқиб қилиш, тутишга уриниш ёки тутиш (отиш, тутиб олиш) ов қилиш ҳисобланади. Овчи – ҳақиқий овчилик гувоҳномасига эга бўлган жисмоний шахс, шу жумладан Ўзбекистонда вақтинча турган ва ов қилиш соҳасида хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган чет эллик фуқаро.

Овчилик соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатлар қуйидагилар ҳисобланади:
  • овчилик гувоҳномаси, у муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, овчилик минимуми бўйича синов имтиҳонини топширган жисмоний шахсларга овчилик жамоат бирлашмалари томонидан берилади;
  • ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома, у экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари томонидан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталарга мувофиқ рухсатнома берилганлиги учун тўлов киритилганидан кейин берилади;
  • овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси), ёввойи ҳайвонларни тутишга доир олинган квоталар асосида берилади ва унинг эгасига мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқини тақдим этади.

Ўзбекистон ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тўлов асосида амалга оширилади. Тўловлар рухсатномада кўрсатилган ҳар бир ёввойи ҳайвон учун киритилади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга йиллик квоталар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Фанлар академиясининг хулосасига асосан тасдиқланади.

Қуйидаги ов қилиш турлари белгиланган:
- спорт ва ҳаваскорлик мақсадида;
- саноат мақсадида;
- ўлжа олиш мақсадида;
- ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шартларда ёки сунъий яратилган яшаш муҳитида сақлаш ва кўпайтириш мақсадида;
- илмий, тиббий ва назорат ишларини амалга ошириш мақсадида;
- ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш мақсадида.

Ов қилиш ҳуқуқига эга бўлган чет эллик фуқаролар учун овни ташкил этиш чет эллик фуқаролар ва туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахс ҳамда овчилик хўжалиги ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Шартномада ов қилишни амалга ошириш шартлари, кўрсатилган хизматлар ва тутилган ов маҳсулоти учун ҳақ тўлаш миқдори белгиланади.

Овчилик хўжалиги ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга доир биотехник тадбирларни ўтказиш, ёввойи ҳайвонлар сонининг ҳисобини ҳамда тутиладиган ёввойи ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун ов қилиш жойлари ҳудудида ташкил этилади.

Овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ов қилиш жойларини 3 йилдан 10 йилгача бериш тўғрисидаги шартнома қуйидагилар билан имзоланган кундан эътиборан юзага келади:
- ов қилиш жойлари ўрмон фонди ерларида жойлашган бўлса, Ўрмон фонди хўжалиги билан;
- ов қилиш жойлари ўрмон фонди таркибига кирмайдиган ерларда жойлашган бўлса, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан.

Ушбу қонун овчилик ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, овчилик хўжаликларини, овчилик туризмини ривожлантириш ва уларни ҳисобга олиш, кўпайтиришнинг давлат назорати механизмларини такомиллаштириш, ёввойи ҳайвонлар сонини ва уларни тутиш нормаларини тартибга солиш учун хизмат қилади.

Ҳужжат 10.10.2020 йилдан кучга киради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ов қилиш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?