14:40 / 28.07.2020
1 612

Нега карантин чоралари узайтирилмоқда? Профессор билан суҳбат

Нега карантин чоралари узайтирилмоқда? Профессор билан суҳбат
СOVID-19 инсоният учун жиддий синовга айланди. Нуроний отахону оналаримиз ҳам аввал бу каби касалликка дуч келганини эслашолмайди. Чунки бу турдаги коронавирус пандемияси тарихда илк бор кузатилмоқда. Коронавируслар — одамлар ва жониворларни зарарловчи вируслар оиласи. Унинг айримлари ҳар йили биз ўрганиб қолган ЎРВИга сабаб бўлади.

Баъзилари атипик пневмонияни чақиради. SARS — оғир ўткир респиратор синдроми (774 киши вафот этган) ва MERS — Яқин Шарқ респиратор синдроми (431 киши вафот этган) шулар жумласидан. Бироқ SARS ва MERS эпидемияларини карантин ва оддий қўл гигиенаси каби эҳтиёт чоралари ёрдамида тўхтатишга эришилган. Аммо, минг афсуски, янги коронавирус карантин чораларига қарамай, Хитой чегарасини ёриб чиқиб, бутун дунёни забт этишга уринмоқда.

Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари 2020 йил 15 августга қадар узайтирилганини эълон қилди. Шу муносабат билан бугун пандемия шароитида карантиннинг зарурлиги, коронавирус инфекцияси тарқалишида чеклов қоидаларининг аҳамияти тўғрисида Тошкент тиббиёт академияси эпидемиология кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Омон Муртазаев билан xabar.uz мухбири суҳбатлашди.

— Коронавирус пандемиясига қарши курашда карантин қоидалари қай даражада муҳим?
— Жорий 2020 йилнинг дастлабки кунларидан бутун дунё бўйлаб тарқала бошлаган коронавирус пандемияси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Ўзбекистонда дастлабки коронавирус бемори март ойининг қоқ ўртасида рўйхатга олинди.

Жаҳонда кузатилаётган эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, уни чуқур таҳлил қилиб, дунё тажрибасини ўрганиб, юртимизда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли орасида ушбу касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз раҳбарияти томонидан барча тегишли ташкилотларга республика бўйича зудлик билан оператив чора-тадбирлар ташкил қилиш, беморлар учун махсус шифохоналар ажратиш, мулоқотда бўлганлар учун карантин ҳудудларини қуриш, уларни керакли асбоб-ускуналар, дори-дармонлар, кийим-кечак, шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш каби жиддий топшириқлар берилди.

Ушбу топшириққа мувофиқ аҳоли орасида мулоқотни чеклаш мақсадида олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртларида, мактабларда ва мактабгача таълим муассасаларида муддатидан олдин таътил, мамлакатда эса карантин эълон қилинди.

Карантиннинг дастлабки кунларидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, республикадаги барча мутасадди ташкилотлар ва аҳоли томонидан коронавирус касаллигининг кенг тарқалиб кетмаслиги учун тегишли чоралар, жумладан, карантин тадбирлари зудлик билан бошлаб юборилди. Ўзбекистонга бошқа хорижий мамлакатлардан келадиган ва республика ичида қатнайдиган авиақатновлар, темир йўл ва ер усти транспорт воситалари фаолиятига бир қатор чекловлар жорий этилди.

Мазкур тадбирлар албатта ўз самарасини берди. Мамлакатимизда пандемиянинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар жаҳондаги кўпгина мамлакатлар учун ибрат, намуна сифатида тан олингани оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Бу албатта қувончли ҳол, шунингдек, ҳукуматимиз ва халқимиз қилаётган машаққатли ва савобли ишларнинг самарасидир.

— Бу борада жаҳон тажрибаси ўрганиляптими?
— Дунёга машҳур «The Washington Post» нашри журналистлари ўзига хос графикни тузиб чиқишди. У карантин жорий этилиши ёки этилмаслигидан келиб чиқиб, касалликни юқтириш тезлигини кўрсатиб беради. Оддий математик ҳисоб-китобларга кўра, CoVID-19 тарқалишига қарши ҳеч қандай чора кўрилмаганида, биргина Қўшма Штатларда май ойида 100 миллион киши коронавирусга чалинган бўларди. Гап шундаки, янги коронавируснинг тарқалиш тезлиги ниҳоятда юқори — қўл қовуштириб ўтирилса, касалланганлар сони ҳар уч кунда икки баравар кўпайиб бораверади.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий масофа — одамлар орасида мулоқотни чеклаш, шунингдек, метро, савдо марказлари, мактаб, университет, музей, кинотеатр каби одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормаслик — коронавирус тарқалишига қарши курашишнинг энг самарали усули ҳисобланади. Ҳеч қандай чора кўрилмаса, касаллик жуда тез тарқалади.

— Карантиннинг қанчалик самарали эканини нималарда кўриш мумкин?
— Мамлакатимизнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишини ҳисобга олиб, май ойида карантиннинг баъзи бир чекловларини юмшатишга тўғри келди. Буни айрим ҳамшаҳарларимиз нотўғри тушуниб, нотўғри талқин қилишди. Баъзи ҳудудларда, айниқса, йирик шаҳарларда, жумладан, Тошкентда аҳолимизнинг зарурат бўлмаса ҳам, тўпланиши, кўчаларда ҳимоя ниқобларини тақмасдан юриши, айрим корхоналар ва бозорларда, дўконларда аҳоли соғлигини назорат қилмаслик, тўй-томошалар ўтказиш каби ҳолатлар учради. Бу албатта инфекциянинг юқиш хавфини янада кучайтирди. Республикамизда беморлар сони кескин кўпайди. Натижада июль ойидан карантин чора-тадбирларини қайтадан кучайтиришга мажбур бўлдик.

Бугунги кунда коронавирус инфекциясига қарши махсус дори-дармонлар ва эмлаш воситалари бутун дунё миқёсида ишлаб чиқилгани ва амалиётга татбиқ этилгани йўқ. Шу боис ушбу касалликнинг олдини олишда энг самарали усул бу карантин чора-тадбирларидир. Бу эпидемия жараёнининг «биринчи бўғинига» қаратилган тадбир бўлиб, унга кўра коронавирус беморидан ёки вирус ташувчисидан, яъни «инфекция манбасидан» соғлом кишиларга касаллик чақирувчиси — коронавирус юқишининг олдини олади.

Демак, ҳали карантин чора-тадбирларини давом эттиришимиз ва унга бутун ҳамюртларимиз қатъий ва мунтазам амал қилиши зарур. Чунки ҳозирги пайтда жаҳонда, бизга қўшни бўлган мамлакатларда ва Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда.

«Яшил ҳудуд» – бу барча ишларни қилиш мумкин дегани эмас. Яъни буни мақсадсиз кўчага чиқиш, ниқоб тақмасдан, яна тўп-тўп бўлиб юриш, чегарадан чиқиб тўй-томошалар ўтказиш сифатида қабул қилмаслик керак. Айни пайтда ҳар бир жараён ўша ҳудудда яшаётган, ишлаётганларга ва уларнинг карантин тадбирларига амал қилишларига бевосита боғлиқ.

Карантин даврида аҳоли бажариши шарт ёки бажариш унчалик қийин бўлмаган оддий чора-тадбирларни такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Чунки улар республикамизда фаолият кўрсатаётган барча оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радио каналларида, газеталар саҳифаларида кечаю кундуз қайта-қайта тушунтириляпти.

Республикамизда карантин чора-тадбирлари ҳали анча давом этади. Чунки буни ҳозирги эпидемиологик вазият тақозо этяпти. Шундай экан, ҳамюртларимиздан, мамлакатимиз аҳолисидан карантин қоидаларига риоя этишларини, тегишли чора-тадбирларни сидқидилдан, изчиллик билан, мунтазам бажаришларини илтимос қиламиз.

Карантин чора-тадбирларига амал қилиш орқали сиз, аввало, ўзингизни, оила аъзоларингизни, жажжи болажонларингизни, нуроний ота-оналарингизни, меҳрибон ҳамкасбларингизни, қолаверса, бутун Ўзбекистон халқини коронавирус балосидан қутқаришга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)