23:15 / 30.07.2020
4 951

Коронавирусдан вафот этганларнинг жасадини бериш тартиби ўзгариши кутилмоқда

Коронавирусдан вафот этганларнинг жасадини бериш тартиби ўзгариши кутилмоқда
Фото: Станислав Красильников/ТАСС
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганларнинг жасадини марҳумнинг яқинларига бериш тартиби ўзгариши кутилмоқда. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Анвар Алимов маълум қилди.

«Коронавирус Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан иккинчи гуруҳ – ўта хавфли инфекциялар гуруҳига киритилган. Бу ҳолатда коронавирусдан ўлган мурда ҳам касалликни чақириш имкониятига эга деб қаралади. Шу боис жасадлар паталогоаноматик кўрсатмалар асосида ювилиб, ўраб, тўғридан тўғри кўмишга олиб борилаётган эди.

Куни кеча мутахассислар иштирокида ўтказилган катта йиғилишда бу тартибга ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқилди. Республика паталогоанатомия маркази олиб борган ўрганишлар бўйича таклиф берилди – бемор вафот этгандан кейин икки соат ўтгач, вирус жасадда ўз кучини йўқотади. Шу нуқтайи назардан, жасад икки соат сақлангандан кейин уни қариндошларига бериб юборишга рухсат бериш таклифи илгари суриляпти
», – деди Алимов.

Штаб аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг маълум қилишича, бу таклиф ҳозирда республика махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда.

«Хитойда, Кореяда, Японияда ҳозиргача коронавирусдан ўлган бемор танасини дезинфекция қилиб, иккита герметик пакетга солиб, қариндошларига бермай, тўғри крематорийга юбориш амалиёти сақланиб турибди. Бизда ҳозиргача жасадни ювиш, кафанлаш – барча расм-русумларни паталогоанатомия бюросида бажариб, дафн маросими СЭС ходими ва яқин қариндошлар иштирокида ўтказилаётган эди.

Ўрганишларимизга асосан, вирус фақатгина тирик ҳужайрада яшаб, жасадда 2 соатдан кейин юқиш кучини йўқотиши ёки жуда пасайишини инобатга олган ҳолда тартибга ўзгартириш киритилади – ювиш ва кафанлаш бюрода ўтказилади, кейин жасад қариндошларга берилади. Жаноза 5-10 нафардан кўп бўлмаган энг яқин қариндошлар иштирокида мозорбошида ўқилади
», – деди Оқилов.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирусдан вафот этганларнинг жасадини бериш тартиби ўзгариши кутилмоқда