14:23 / 10.08.2020
4 322

Қибрайда чамадон ичидан Олий суд собиқ ходимининг жасади топилди

Қибрайда чамадон ичидан Олий суд собиқ ходимининг жасади топилди
Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
Тошкент вилояти Қибрай туманида саёҳат чамадонидан мурда топилди. Бу ҳақда Бош прокуратурага таяниб, «Xabar.uz» хабар берди.
Маълумотларга кўра, 8 август куни Қибрай тумани ИИБга «Қодирия ГЭСлар Каскади» унитар корхонаси 11-сонли ГЭСининг 2-аванкамерасида саёҳат чемоданига инсон жасади тиқиб қўйилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганда, ярим очиқ ҳолатдаги BIAHao саёҳат чамадони ичида эркак кишининг жасади борлиги аниқланган.

Мурдани кўздан кечириш давомида унинг баданида тан жароҳати ва ундан қолган излар аниқланмаган. Шимининг чўнтагидан жами 410 минг сўм миқдорда нақд пул топилган.

Олиб борилган тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида мурданинг шахсига ойдинлик киритилган: у 1968 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилиб келган Ш.А. бўлиб чиққан. (Марҳум илгари Ўзбекистон Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани айтилмоқда).

Дастлабки маълумотларга кўра, Ш.А. 2020 йилнинг 7 август куни эрталаб уйидан Gentra русумли автомашинасида Тошкент шаҳридаги Республика Шошилинч тез тиббий клиник (собиқ 6-сонли) шифохонасига чиқиб кетган. Мазкур транспорт воситасини аниқлаш бўйича «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилиниб, транспорт воситаси қаерда эканлигини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Бўстонлиқ тумани суд тиббий экспертиза бўлинмасининг бирламчи маълумотномасида марҳум Ш.А. «бўйин аъзолари тўмтоқ жисм таъсирида сиқилиши оқибатида юзага келган механик асфиксия»дан вафот этгани қайд этилган.

Айни пайтда ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

«Жиноятни фош этиш мақсадида Тошкент вилоят ИИББ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда туман ИИБ ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар ташкил этилиб, тергов ҳамда тезкор-қидирув ҳаракатлари амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қибрайда чамадон ичидан Олий суд собиқ ходимининг жасади топилди