11:00 / 15.08.2020
2 629

Ўрунов “Спартак учун даромад манбаими ёки истиқболдаги етакчи?

Ўрунов “Спартак учун даромад манбаими ёки истиқболдаги етакчи?
Остон Ўруновнинг “Спартак” жамоасига трансфери ҳамон кўплаб муҳокама ва таҳлилларга мавзу бўлмоқда. Бунинг ўзига яраша сабаблар бор, албатта.

Биринчидан, ўзбек легионерининг ҳали “Уфа”далигида унинг қайси жамоага ўтиши ҳақида кўп вариантлар муҳокама қилинди ва якунда кутилганидек, у “Спартак”га ўтди. “Уфа” уни “Спартак”дан кўпроқ сумма таклиф қилган ЦСКА ва “Рубин”га бермаганида Шамиль Газизовнинг қўли борлиги айтилмоқда.

Иккинчидан, Бундеслига вакили “Герта” Ўрунов трансфери бўйича “Спартак”га беш миллион евролик таклиф берди. “Спартак” уни таклиф қилгани йўқ. Бу ҳам муҳокамаларга сабаб.
Ҳақиқатан, “Спартак” Ўрунов борасида қандай режага эга экани кўпчиликни қизиқтирмоқда ва турли таҳлилларни юзага келтирмоқда.

Муҳим версиялардан бири “Спартак” Остон Ўрунов трансферидан катта фойда олишни режалаштираётган бўлиши мумкинлигидир. Агар москваликлар 1,5 миллион евро эвазига олиб келинган футолчини “Герта” таклиф қилган 5 миллион еврога қўйиб юборса ҳам, Россия футболи ўлчовлари бўйича мўмайгина даромад қилади.

“Спартак” ўзбек футболчисини камида 15 миллион еврога баҳолаётгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Бу билан “Спартак” Ўруновнинг трансферини 5 миллиондан яна озгина кўтармоқчига ўхшайди. Чунки ҳеч бир клуб биринчи сўровдаёқ футболчини қўйиб юбормайди. Сўраган жамоа ҳам дастлабки таклифда аслида мўлжалидаги маблағни камроқ айтади. Буёғи савдолашиш санъати ва агентлар маҳоратига боғлиқ. Остон 15 миллионли талабга жавоб бериши учун “Спартак”да майдонга тушиб, нималарнидир қойил қилиб қўйиши кераклигини ўзи ҳам билади. Чунки ҳали майдонда ўзини кўрсатмаган футболчининг трансфер суммаси бир кечада 1,5 миллиондан 15 миллионга кўтарилиши реал ҳаётда деярли учрамайдиган воқеликдир.

Агар “Спартак” Ўруновни маълум муддат ўйнатиб, савдосини келиштириб, ўзи мўлжалланган суммага трансфер қилса, демак, олдиндан ҳамюртимиздан даромад манбаи сифатида фойдаланишни кўзлаган бўлиб чиқади. Ҳозирги бизнес замонида бунинг айби йўқ. Остоннинг кучли бешлик жамоаларига ўтиб, ўйнаб кетишидан ўзбек футболи фақат ютади. Ҳеч бўлмаганда, футболимиз Ғарбий Европада реклама бўлади.

Бу вазиятда танганинг иккинчи томони ҳам бор. “Спартак” ёш ва катта истеъдод эгаси, деб қаралаётган футболчини келажакда муҳим масалаларни ҳал қилишга қодир етакчи ўйинчи сифатида тарбиялашни мақсад қилган бўлиши ҳам мумкин. Мутахассислар Россия футболидан етишиб чиқаётган ўйинчиларнинг ўйин услуби бир хил эканини ва улар янгилик қила олмаслигини кўп танқид қилишади. Остон Ўрунов эса, премьер-лигада ўзи иштирок этган ўнта учрашувнинг барчасида креатив ўйин услуби, ажойиб дриблинги, курашувчанлиги ва жанговарлиги билан ажралиб турганини қадрлашмоқда.

Ҳозирча Остоннинг ҳаракатларида айрим хом жиҳатлари бўлса-да, лекин умумий олиб қараганда, яқин келажакда жамоа ўйинини ушлаб турадиган футболчи мақомига етиши учун салоҳияти ва имконияти катта эканини таъкидлаш лозим. “Спартак” эса истеъдодли футболчиларни қудратли ўйинчилар қилиб тарбиялашда тажрибаси катта жамоалар орасида етакчилардан ҳисобланади.

Тан олиб айтишимиз керакки, биз қанчалар истамайлик, Остон Ўрунов учун “Спартак” асосий таркибидан муқим ўрин олиш анча қийин бўлади. Биринчи навбатда, Остонга Россия премьер-лигасидаги легионерлар сонига киритилган чеклов ҳалақит беради. Клублар бир вақтнинг ўзида 8 нафардан кўп легионерни рўйхатдан ўтказа олмайди. Бу вазиятда “Спартак” ҳам хорижлик футболчини захирада олиб ўтиришдан жиддий зарар кўради. Демак, Остон ҳозирнинг ўзида москваликларнинг асосий ўйинчисига айланган Роман Зобнин ва Алекс Крални рақобатда енгиши керак. Улардан ташқари, ўз салоҳиятини намойиш этган Наиль Умаров ҳам бор. “Спартак” бу футболчилар билан чекланмасдан, кучли бешлик чемпионатларидан яна легионерлар олишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, “Нант” жамоасидан майдон марказида тўп сурадиган Абдулайе Туре келиши кутилмоқда.

Майдон марказидаги рақобат кучайиб кетган тақдирда Остон Ўруновнинг ўнг қанот ёки ҳимоя марказида ўйнай олиш қобилияти ҳам унга қўл келиши мумкин. Лекин Остоннинг майдондаги асл вазифаси бошқа ва амплуасини ўзгартириш унинг трансфер қийматига салбий таъсир этади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, “Спартак” Ўруновни келажакда куйиб қолиш учун олиб келмаган. Остоннинг олдида асосан иккита йўл бор. У яхшигина трансфер суммаси эвазига бошқа чемпионатга кўчиб ўтиши мумкин. Ёки жамоадаги ички рақобатни енгиб, ҳақиқий етакчига айланади ва “Спартак”ни катта ютуқлар сари етаклайди.

Воқеалар қай тарзда ривож топиши ҳозирча қоронғу. Ҳамма спорт формасини тиклаётган Остоннинг дебютини кутмоқда. Остон Европага кетса ҳам, “Спартак”да ўз ўрнини топса ҳам, ҳар икки вариант ўзбек футболи манфаатига хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўрунов “Спартак учун даромад манбаими ёки истиқболдаги етакчи?