09:50 / 21.08.2020
983

Мустақиллик байрамида катта йиғин ва сайиллар ўтказилмайди

Мустақиллик байрамида катта йиғин ва сайиллар ўтказилмайди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, бугунга келиб мамлакатимизда жами коронавирус юқтирганлар сони 37,5 мингдан ошди, шундан 33 мингдан зиёди ёки 88 фоизи соғайди. 4 мингта беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бундай натижалар юртимиз тиббиёт ходимларининг буюк хизмати эканини алоҳида айтиб ўтди. Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгараётгани, яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, Германиядан яна мутахассислар келиши кутилаётгани қайд этилди. Хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилмоқда, деди Президент.

Юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёми ҳам яқинлашиб келяпти.

Ушбу масалада шифокорлар билан маслаҳат қилган ҳолда шундай хулосага келиндики, пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш талабини қўймоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)