22:30 / 03.09.2020
1 647

Кадастр паспортини тайёрлаш муддатлари қисқармоқда

Кадастр паспортини тайёрлаш муддатлари қисқармоқда
“Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди (535-сон, 02.09.2020 й).
Қарор билан Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, кўчмас мулк объектини кадастр ҳисобига олиш ва кадастр йиғмажилдини шакллантириш натижасида кўчмас мулк объекти бўйича электрон шаклда кадастр паспорти расмийлаштирилади.

Ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.

Кадастр паспортини тайёрлаш:

кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича қуйидаги муддатларда амалга оширилади:
- кўп квартирали уйдаги квартира – 3 иш кунигача;
- якка тартибдаги турар жой – 5 иш кунигача;
(илгари бу муддат тегишлича 7, 10 кун эди)

кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича:
- умумий майдони 100 кв.м. гача - 5 иш кунигача;
- умумий майдони 100 кв.м. дан 1000 кв.м. гача - 7 иш кунигача;
- умумий майдони 1000 кв.м. дан 5000 кв.м. гача - 10 иш кунигача;
- умумий майдони 5000 кв.м. дан 15000 кв.м. гача - 15 иш кунигача;
- умумий майдони 15000 кв.м. дан 50000 кв.м. гача - 20 иш кунигача;
- умумий майдони 50000 кв.м. дан ортиқ - 25 иш кунигача.
(илгари бу муддат тегишлича 10 кундан 45 кунгача бўлган)

Кадастр йиғмажилди шакллантирилгандан сўнг кадастр паспортини бериш учун тўлов миқдори қиймати кўрсатилган хабарнома (инвойс) Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига электрон шаклда юборилади.

Ариза берувчи хабарномани олгандан сўнг 1 ой мобайнида тўлов қийматини тўлайди.
Кадастр паспортини бериш учун тўлов қийматлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланади.

Қуйидаги ҳолларда кадастр паспортини расмийлаштириш бепул амалга оширилади:
- кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алохида қурилиш) мавжуд бўлмаганда;
- кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда объектнинг қолган қисмига ёки реконструкциясиз тоифаси ўзгарганда;
- кадастр йиғмажилди (паспорти) йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда).

Ушбу ҳолларда кадастр паспорти 3 иш куни мобайнида расмийлаштирилади.
Қоғоз шаклидаги кадастр паспорти Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали, пластик шаклдаги кадастр паспорти фақат Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)