07:30 / 14.09.2020
10 710

«Ҳали ҳам ишонгим келмайди». Хонанда Ҳадича Қурбонова эри коронавирусдан вафот этганини маълум қилди (видео)

«Ҳали ҳам ишонгим келмайди». Хонанда Ҳадича Қурбонова эри коронавирусдан вафот этганини маълум қилди (видео)
Фото: YouTube
Хонанда Ҳадича Қурбонова эри коронавирусдан вафот этганини маълум қилди.
Бу ҳақда хонанда YouTube’даги YashinTV каналига берган интервьюсида гапириб берди.

- "Турмуш ўртоғим ҳамиша даволаниб, ўзларига қараб юрар эдилар. Карантин бўлган вақтда ишхоналаридан ҳам коронавирус чиққан экан. Бир куни уйга келиб, онаси менга коронавирус юқиб қолмадимикин, чунки вирус аниқланган ходимимиз билан битта хонада ишлаган эдик, дедилар. Ундан кейин бозорларга ҳам бордик, аҳволлари яхши эди. Кейин тумов бўлгандек бўлдилар, дорилар ичдик. Аҳволлари бироз оғирлашганди, шифохонага бориб тест топшириб келдик. Бу воқеа июль ойида бўлди. Онаси коронавирус бўлган одамда ҳид, таъм сезмаслик бўлар экан, менда ҳаммаси яхши, дедилар. Нафас олишингиз қандай, деганимда нафас олишим ҳам ёмон эмас, дедилар. Одатда астмалари борлиги сабаб баъзида нафас олишларида муаммо бўлар эди. Кейин қонлари қуюқ бўлгани боис доим дори ичиб юрардилар.

Икки марта текширтирдик — коронавирус чиқмади. Арафа яқинлашган вақтларида оғирлаша бошладилар. Рўза тутгандилар. Дадаси, рўзангизни очаверинг, Худо хоҳласа, кейин тутасиз, деганимда хафа бўлдилар. Шифохонада эмас, уйда даволанаман, ўзингиз қарайсиз, деб шифохонага ҳам ётмадилар.

Тўғриси, шунча кун ётган бўлсалар, ҳаттоки иситма ҳам чиққани йўқ, фақатгина нафас сиқиши бўлди холос. Шифокор айтган барча муолажаларни уйда қилдик. Аҳволлари бироз оғирлашгач, тез ёрдам чақиришга мажбур бўлдик. Нафас олиш мосламалари бор тез ёрдам машинасини чақирганимиз сабаб у ҳам тез келмади. Тез ёрдам кечроқ келди, иситма чиқишни бошлади. Охирги марта ўша — тез ёрдамда борганимда Зангиотада кўрдим. Уларни Зангиотадаги касалхонага ётқиздик, чунки бошқа касалхоналарда жой йўқ дейишди.

Зангиотадаги шифохонага киришга рухсат беришмади. Ёш болалар бор, болаларни эҳтиёт қилинг, онаси, дедилар. Охирги кўрганим шу бўлди. Ҳали ҳам ишонгим келмайди, чунки унақа ёмон аҳволда эмас эдилар. Жуда ҳам болажон инсон эдилар, охирги гаплари ҳам «болаларга қаранг, болаларга эҳтиёт бўлинг» деган сўзлари бўлди.

Шифокорлар эримнинг қачон аҳволи ёмонлашганини ҳам, қачон жони узилганини ҳам аниқ айтишмади. 26 июль куни жони узилди дейишди, уйга ҳам беришмади. Жаноза ҳам қабристонда ўқилди. 29 июль куни пешиндан кейин қабристонга қўйиб келишди
", - дейди Ҳадича Қурбонова.

Маълумот учун, хонанда Хадича Қурбонова мухлислар орасида ўзининг «Бевафо», «Билмадим жоним», «Алвидо», «Келма» каби қўшиқлари билан машҳурликка эришган. Хонанда 2017 йилда Халқлар дўстлиги санъат саройида «Бир гўзал» деб номланган яккахон концерт дастурини ҳам тақдим этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ҳали ҳам ишонгим келмайди». Хонанда Ҳадича Қурбонова эри коронавирусдан вафот этганини маълум қилди (видео)