21:01 / 20.09.2020
3 145

Такси фаолияти учун лицензияни автоматик олиш тартиби жорий этилади

Такси фаолияти учун лицензияни автоматик олиш тартиби жорий этилади
Ўзбекистонда такси хизматларини кўрсатиш фаолияти учун лицензия сақланиб қолиши, аммо уни автоматик тарзда олиш имконияти яратилиши мумкин. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбасига таяниб, Kun.uz хабар бермоқда.

Кутилаётган ўзгаришга кўра, такси ҳайдовчилари солиқ органлари веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиб, лицензияни автоматик тарзда қўлга киритиши мумкин бўлади. Шунингдек, ҳайдовчилар ўз-ўзини меҳнат билан банд қилган шахслар тоифасига киритилади.

«Айни пайтда турли версиялар устида иш олиб бориляпти: ҳайдовчилар мижозларга хизмат кўрсатувчи агрегаторларга уланиши шарти билан ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида тан олиниши мумкин. Негаки, мижозлар ҳайдовчи ҳақида маълумотга эга бўлиши, содир этилиши мумкин бўлган нохушликларнинг олдини олиш керак. Бу ҳолатда ҳайдовчилар мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

Бундан ташқари, солиқ органлари веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиб, лицензияни ўша заҳоти автоматик тарзда олиши мумкин бўлади», — дейди ҳукуматдаги манба.

Таъкидланишича, масаланинг молиявий ечимлари бўйича якуний тўхтамга келинмаган. Давлат солиқ қўмитаси, транспорт ҳамда молия вазирликлари бу борада ҳамкорликда иш олиб боряпти.

Шу ой бошида молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов таксичиларни ҳам ўзини-ўзи банд қилганлар рўйхатига қўшиш бўйича ишланаётгани ва бу бўйича 1-2 ойда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 майдаги президент селекторида таксичилар даромад солиғини тўлашдан озод этилиши маълум қилинган, аммо 9 июнда эълон қилинган тегишли қарорда таксичилар кўзда тутилмаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Такси фаолияти учун лицензияни автоматик олиш тартиби жорий этилади