18:00 / 05.10.2020
862

Занжабил коронавирус инфекциясида монотерапия сифатида ёрдам бермайди

Занжабил коронавирус инфекциясида монотерапия сифатида ёрдам бермайди
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда коронавирусга қарши даволаш жараёнида имбирни дорилар ўрнига қабул қилиш ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Занжабил илдизи таркибида С, В1, В2 витаминлари, алюминий, калий, кальций, темир, марганец, фосфор, каприл, никотин ва линол кислоталари каби минерал моддалар мавжуд. Унинг таъсир қилувчи моддалари шогаол ва гингерол ҳисобланади. Бу моддалар антиоксидант, яллиғланишга қарши, ўсмаларга қарши, антимутаген ва бошқа хусусиятларга эга.

Экспериментал изланишлар занжабил илдизининг спиртли экстракти пневмония ва бошқа юқори нафас аъзоларининг яллиғланиш касалликларида фойда беришини кўрсатган. Лекин уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур, чунки у болаларда ва ҳомиладор аёлларда аллергия келтириб чиқариши мумкин. Занжабил коронавирус инфекциясида асосий дори воситалар билан бир қаторда ишлатилиши мумкин, лекин бир ўзи монотерапия сифатида ёрдам бермайди
», деди штаб аъзоси.

Имбирь - занжабил илмий тиббиётда кенг ишлатилади. Занжабилнинг жуда кўп фойдали хусусиятлари бўлгани сабабли нафақат маза бериш, балки даволовчи озуқа сифатида ҳам ишлатилади.

Шунингдек, коронавирус инфекциясида доим ҳам ўпка яллиғланиши кузатилмаслиги маълум қилинди.

«Коронавирус инфекцияси турли шаклда кечади ва доим ҳам ўпка яллиғланишини келтириб чиқармайди. Кўп ҳолларда касаллик умуман симптомларсиз кечади ва бундай беморларни текширишда организмда ҳеч қандай ўзгариш аниқланмайди», деди Барно Абдусаматова.

Симптомлар мавжудлигида қуйидаги касаллик шакллари кузатилади:
  • юқори нафас йўлларининг шикастланиши (ринит, фарингит);
  • қуйи нафас йўлларининг шикастланиши билан (пневмония).

Таъкидланишича, пневмонияда ўпка яллиғланиши кузатилиши мумкин, бироқ кўпчилик беморларда касаллик ўпка шикастланишисиз кечади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)