07:37 / 09.10.2020
3 121

Америкалик аёл Ўзбекистондан юборилган «посилка»даги совға ўғирланганини айтди

Америкалик аёл Ўзбекистондан юборилган «посилка»даги совға ўғирланганини айтди
Фото: Видеодан лавҳа
Ижтимоий тармоқларда ўзини Жессика деб таништирган америкалик аёлнинг Ўзбекистон почтаси орқали юборилган қиймати 1000 долларга тенг чинни ва сопол буюмлари синиқ ҳолатда келгани, буюмлар ўғирланганини айтган видео тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича «Ўзбекистон почтаси» АЖ муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Божхона декларацияларини ўрганиш жараёнида «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан сентябрь ойида Ўзбекистондан АҚШ манзили бўйича 2 та қиймати эълон қилинган жўнатмада чинни буюмлар солинган идишлар юборилганлиги аниқланган.

Ушбу жўнатмалар Андижон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Т.М. томонидан АҚШнинг Вашингтон штатида таълим олувчи ўғли Э.Ж.га юборилган бўлиб, жўнатмаларнинг ҳар бири 100 000 сўм (таъкидланаётган 1000 доллар) миқдорида қиймати эълон қилинган.

Мазкур жўнатмаларни почта алоқаси объектида қабул қилиш жараёнида почта ходими томонидан мижозга жўнатмаларни узоқ масофага жўнатаётгани, унинг ичидаги жўнатмага шикаст етмайдиган равишда ўраш лозимлиги, акс ҳолда жўнатмаларга зарар етиши мумкинлиги тушунтирилган, шунингдек, қўшимча ҳақ эвазига махсус тарзда ўраш хизмати тавсия этилган, аммо мижоз ўзи томонидан ўралган ҳолда жўнатмаларни тақдим этган.

Жессика, шунингдек, унга жўнатмалар бўйича трекинг учун штрих-код берилмаганлигини маълум қилган. «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг таъкидлашича эса, жўнатмалар бўйича трекинг учун штрих-код белгиланган қоидаларга мувофиқ жўнатувчига берилади, бу иловада келтирилган божхона декларациясида кўрсатилган.

«Жўнатувчига 2 та жўнатма учун берилган махсус штрих-код орқали жўнатмаларнинг юборилиш ҳолати почта жўнатмаларини кузатиш бўйича махсус сайт орқали ўрганиб чиқилганда биринчи жўнатма 5 октябрь куни олувчига топширилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда иккинчиси ўғриланган, деб таъкидланаётган жўнатма 6 октябрь куни олувчига топширилган, буни кузатиш бўйича махсус сайт тасдиқлайди», — дейилади «Ўзбекистон почтаси» АЖ муносабатида.

Муносабатда, шунингдек, бутун дунёда пандемия бўлганлиги туфайли авиақатновлар баъзи бир давлатларга вақтинчалик тўхтатилгани, шу сабабли Ўзбекистондан АҚШга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўқлиги сабабли Сеул орқали етказиб берилиши маълум қилинган.

Регламентга кўра, жўнатмага шикаст етказилган ҳолатлар юз берган тақдирда, мижоз томонидан почта хизматларини кўрсатувчи компанияга расмий мурожаат қилиниши лозимлиги ва мурожаат белгиланган тартибда миллий почта оператори томонидан кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган. АҚШда мазкур ҳолат юзасидан УСПС компаниясига мурожаат этиш талаб этилади.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Умумжаҳон почта иттифоқи Конвенцияси регламентининг 22-бандига мувофиқ почта жўнатмаларини хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан юбориш жараёнида хатоликларга йўл қўйилганлиги аниқланса, белгиланган тартибда компенсация тўлови ундирилиши кўрсатилган», — дейилади «Ўзбекистон почтаси» АЖ муносабатида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Америкалик аёл Ўзбекистондан юборилган «посилка»даги совға ўғирланганини айтди