21:10 / 21.10.2020
1 221

Коронавирус беморларини даволашда тавсия этилган дори воситаларини бирваракайига қўллаш мумкин эмас

Коронавирус беморларини даволашда тавсия этилган дори воситаларини бирваракайига қўллаш мумкин эмас
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати коронавирусга чалиниб, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмай, бошқа беморлар ёки мутахассис бўлмаган кишилар берган тавсияларга кўра даволаниш оқибатида уларнинг аҳволи салбий томонга ўзгараётганига эътибор қаратди.

Вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров уй шароитида даволаниш жараёнида беморларда туғиладиган энг муҳим саволларга жавоб берди.

— Нега Covid-19 билан касалланганларни даволаш бўйича кўрсатмалар, тавсия этилаётган дори-дармонларнинг турлари ўзгариб турибди?
— Айни пайтда мамлакатимизда коронавирус билан касалланганларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларнинг еттинчи нашри амал қилмоқда. Бундан олдин даво муолажаларининг олтита нашри эълон қилинганди. Вақт ўтиши, вирус мутацияга учраши ҳамда унинг ўзини намоён этиши эволюцияга учрамоқда. Бунинг натижасида даволаш стандартлари ҳам ўзгариб бормоқда. Масалан, олдинги нашрга биноан енгил ва ўрта оғир даражадаги беморларга тавсия қилинган дорилар ҳозирда бутун дунёда бўлгани каби бизда ҳам мутахассислар фикри инобатга олиниб, махсус кўрсатмага биноан айрим беморларгагина бериладиган бўлди.

Вируснинг ҳар бир минтақа, ҳар бир иқлимда ўзига хос мутацияга учраш ҳолати кузатилмоқда. Буюк Британия ёки АҚШнинг иқлим шароити бизникидан тубдан фарқ қилгани учун уларнинг тавсиялари доим ҳам бизга мос келавермайди. Шунингдек, ҳозирда беморларга вирусга қарши «Фавипиравир» препарати тавсия этилмоқда. «Фавипиравир» («Авиган») дори воситаси Африкадаги Эбола вирусига қарши ўзининг ижобий таъсирини кўрсатган. Шу боис, вирусга қарши самарадорлиги исботланган «Фавипиравир»ни коронавируснинг енгил даражаларида фақат шифокор тавсияси асосида қабул қилиш ҳам мумкин.

— Одамлар орасида коронавирусдан уй шароитида даволанаётганда исириқ тутатиш фойдали экани, беморнинг тез-тез оғиз-бурнини тузли, сиркали сув билан чайиб туриши вирусни зарарсизлантириши ҳақида гап-сўзлар юрибди, шу тўғрими?
— Коронавируснинг заҳарли таъсирини камайтириш учун доимий равишда илиқ сув билан оғиз бурун бўшлиғини намлантириб туриш фойда беради. Бунда сувга оз миқдорда туз ҳам солиш зарар қилмайди. Аммо сиркадан фойдаланиш хавфли. Тоза ҳолатдаги сирка билан бурун ва оғиз бўшлиғини чайиш, унинг шиллиқ қавати шикастланишига сабаб бўлади.

Бу эса шиллиқ қаватдаги вирус ва инфекцияларни ушлаб қолиш жараёнининг сустлашиши ва бутунлай тўхташига олиб келади. Натижада вирусли касалликларни тез ва осон юқтириб олиш ҳолати рўй беради. Бу эса вируснинг тўғридан тўғри ўпкага ўтиб, уни кўпроқ зарарлашига сабаб бўлади. Исириқнинг коронавирусга қарши самараси эса илмий жиҳатдан исботланмаган. Аммо фойдаланиш зарар қилмайди.

— Коронавирус билан касалланганларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларнинг еттинчи нашрида кўрсатилган «Дексаметазон», «Клексан», «Фленокс», «Цефазолин» ва «Гидроксихлорохин» препаратларини уй шароитида бир вақтнинг ўзида қабул қилиш мумкинми?
— Қатъий тақиқланади. Айни пайтда бу мавзуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Афсуски, кўпчилик шу касалликни бошдан ўтказган беморлар ва уларнинг яқинлари тавсиясига сабаб турли дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланмоқда. Бу эса, уларнинг аҳволи яхшиланишига эмас, ёмонлашишига сабаб бўляпти.

Шунингдек, юқорида айтилган дори воситаларининг кўпчилигини уй шароитида қўллаш мумкин эмас. Шу боис, аввало, уй шароитида даволанишни бошлашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)