16:00 / 25.10.2020
2 545

Экологияга қўлқоплар ҳужуми бошланди! Экопартия нега жим?

Экологияга қўлқоплар ҳужуми бошланди! Экопартия нега жим?
Жамоат транспортида бир марталик қўлқоплардан фойдаланиш жорий этилгач, кўчалар чиқиндига тўлиб кетгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларни эгаллади. Кўпчилик қўлқоп тақишни татбиқ қилиш ўйламай чиқарилган қарор деб баҳолади ҳам. Шунча шов-шувга қарамай, экологик партия бирор муносабат билдирмаётгани ажабланарли. Ваҳоланки, сайловолди дастурларида Ўзбекистон Экологик партиясининг фаол ҳаракатларини кузатган эдик. Афсуски, сайловлар тугагач, партиядан ташаббуслар чиқмаяпти ёки билинмаяпти. Бугун ушбу партия мавжуд эмасдек гўё...

Пандемия туфайли ҳали-бери тиббий ниқобларни ечмасак керак! Ҳар куни миллионлаб-миллионлаб қўлқопу ниқоблар улоқтириляпти (чиқинди қутиларгами ёки дуч келган жойга?) Уларни зарарсизлантириш, атроф-муҳитга зиёнининг олдини олиш бўйича экопартия томонидан бирор иш олиб бориляптими? Аслида ишлатилган қўлқопларнинг экологияга салбий таъсири ҳақида биринчилардан бўлиб экопартия муносабат билдириши, ечим топиши ё таклифларини киритиши керак эмасмиди? Бугун бу тарғиботлар фақат блогерларнинг зиммасидадек.

Полиэтилен пакетларнинг экология ва инсон саломатлигига салбий таъсирини биламиз. Полиэтилен ҳатто 1000 йилгача муддатда парчаланади. Шу боис бир қанча вақт олдин юртимизда экологияни муҳофаза қилиш мақсадида дўконларда бепул бериладиган пакетлар пуллик қилинганди. Бу орқали полиэтилендан имкон қадар камроқ фойдаланиш кўзда тутилган. Бугун эса ҳаётимизда бир марталик полиэтилен қўлқоплар пайдо бўлди.

Албатта, фуқаролари саломатлини ўйлаб! Бироқ бу жамиятимизда экологик тарғибот сустлиги, экомаданият шаклланмаганини қалқитиб юзага чиқариб қўйди: атроф бир марталик қўлқоплар уюмига билан тўлмоқда. Бу хусусда экопартиянинг фикри, энг муҳими, ҳаракатлари қандайлиги эса ҳануз номаълум. Она заминни, яшилликни муҳофаза этишни ўз олдига мақсад қилган партия яшил ерда сочилиб ётган қўлқопларни кўрганда бирор нимани ҳис қилдими ўзи?! Ҳойнаҳой, Транспорт вазирлиги қўлқопни амалиётга киритишни тавсия қилаётганда фуқароларимизнинг экомаданиятини юксак деб ҳисоблаган кўринади. Лекин кўчаларни тўлдириб бораётган чиқиндилардан сўнг Вазирликнинг бу хусусдаги фикри чил-чил синдиёв.

Соғлиқни сақлаш масъуллари бир марталик қўлқоплар касаллик тарқалишининг олини олишда тўғри қарор деб муносабат билдирди. Аммо ишлатилган қўлқопларнинг кейинги тақдири, табиатга зиёнининг олдини олиш бўйича ҳам чоралар кўрилса, чиқиндиларни улоқтирмаслик бўйича кенг тарғиботлар олиб борилса, мақсадга мувофиқ эди. Бир кунда минглаб реклама эфирга берилади. Шулар орасида ҳеч бўлмаса беш дақиқалик чиқинди ташлаш маданиятини шакллантирувчи роликлар берилишининг иложи йўқми?

Бир неча ой аввал мана буни кўриб, ҳайратлангандим: қайсидир мамлакатда эгнига «мусор»дан тикилган кийим кийган кўнгиллилар кўчада уйилган чиқинди кўринишида ётиб олган, устига ким ахлат ташласа, ортидан қувлаб кетаётанди. Бу ҳам аслида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш учун ўйлаб топилган. Бизнинг экопартия эса нима учун шу каби тарғиботларни йўлга қўймаслиги ғалати.

Хулоса ўрнида бир воқеа: Россия. 2018 йил. Футбол бўйича Жаҳон чемпионати. Япониялик футболчилар ўйиндан сўнг майдондаги «мусор»ларни териб олишди, уларга ажратилган хонани тозалаб, столга «Раҳмат» деб ёзиб кетишди. Япон мухлислари эса ўриндиқлари ва атрофини тозалаб, стадиондан чиқиб кетишди. Японияликлар ўз-ўзидан бундай бўлиб қолмагандир? Шубҳасиз, фақат яхши намуна бўлиш, тарғиботу, юксак экологик маданият орқали!

Ўзбекистон Экологик партиясидан ҳам шундай фаол тарғиботни, экология муаммоларига ҳозиргидек жим қараб турмасликни кутиб қоламиз!

Мафтуна Каримова

Манба: Sof.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Экологияга қўлқоплар ҳужуми бошланди! Экопартия нега жим?