22:53 / 28.10.2020
968

Фақат ўпкани рентген қилиш орқали коронавирусга ташхис қўйиш мумкинми?

Фақат ўпкани рентген қилиш орқали коронавирусга ташхис қўйиш мумкинми?
Коронавирусга ташхис қўйиш фақатгина ўпкани рентген қилиш билан эмас, бир қанча кўрсаткичларга асосланади. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилди.

Жумладан, мутахассис «Бизда ўпкани рентген қилиш орқали коронавирусга ташхис қўйиляпти, бу қанчалик тўғри?», деган саволга изоҳ бериб ўтган.

- "Ушбу касалликка ташхис қўйиш фақатгина ўпкани рентген қилиш билан эмас, бир қанча кўрсаткичларга асосланади. Буруннинг ҳид билиши, таъм билишнинг йўқолиши, қолаверса, иситма кўтарилиши, нафас қисиши, одам ўзини ҳолсиз сезиши ва шунга ўхшаш клиник белгилари бор. Касалликка тўғри ва тўлиқ ташхис қўйилишида ПЗР усулида текширув бизда етакчи ўринда туради. Агар ПЗР текшируви манфий натижа берса, лекин бемор ўзини ёмон ҳис қилса, қуруқ йўтал аломатлари бўлса, ИФА усулида ҳам текширувларни амалга ошириш таклиф этилади. Чунки ИФА усулида беморда касалликнинг қай даражада кечаётганлиги, фаол ёки касалланиб тузалаётганлиги, яъни Иммуноглобулин Г ёки М пайдо бўлганига қараб туриб ахборот олишимиз мумкин", - дейди Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коронавирусга қарши курашиш штабининг яна бир аъзоси Наргиза Нуруллаева коронавируснинг энг кўп учрайдиган белгиларини фоизлар нисбатида маълум қилган, вируснинг бошқа шамоллаш ва ўткир респиратор касалликлардан фарқли бўлган жиҳатлари, энг эрта пайдо бўладиган аломатини айтган эди.

Шунингдек, Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти ректори, профессор Ҳабибулла Оқилов чидаб бўлмайдиган оғриқлар, жумладан, бош оғриқлари, тўхтамасдан қайт қилиш, ва интенсив диарея ҳам коронавирус беморларини стационар шароитда шифохонада даволашга кўрсатма саналишини билдирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)