14:00 / 07.11.2020
2 713

Ниғматилла Йўлдошев порахўр ҳоким ўринбосарларининг қилмишлари ҳақида гапирди

Ниғматилла Йўлдошев порахўр ҳоким ўринбосарларининг қилмишлари ҳақида гапирди
Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
7 ноябрь куни ташкил этилган коррупция масалаларига оид идоралараро йиғилишда сўнгги икки йилда Транспорт вазирлиги ва соҳадаги корхоналар ходимларидан 57 нафари коррупциявий жиноятларга қўл ургани маълум қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходимлари турли кўринишдаги жиноятларни содир этгани маълум қилинди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг ахборотига мувофиқ, тизимда йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш, йўловчи ва юк ташиш хизматидан тушган пулларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда.

«Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш» корхонаси директори Р. бош ҳисобчи Ш. ҳамда муқаддам шу корхонада содир этган қатор жиноятлари учун судланиб, корхонада фаолиятини яна давом эттириб келаётган жиноий шериклари билан тил бириктириб, умуман таъмир кўрмаган 20 та йўлни таъмирдан чиқарганликлари ҳақида қалбаки ҳужжатларни тузиб, 2,4 миллиард сўм бюджет маблағларини ўмарган», — деди Йўлдошев.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идораларда ҳанузгача турли қонун бузилишлар, суиистеъмолчиликларга барҳам берилмаётганлиги ҳам танқид остига олинди.

«Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. «Валиев Инвест барака» фермер хўжалиги раҳбари В. билан тил бириктириб, фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини сохта кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали 38.400 долларга сотиб юборган. Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, аввало, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ.

Айрим раҳбарлар томонидан ерлардан хўжасизларча ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34 минг 822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилган. Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда коррупция, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди
», — дея маълумот берди бош прокурор.

Таъкидланишича, Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21 минг 493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилинган. Мисол учун, Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмасада, ноқонуний ажратиб берган.

Ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходимлари жавобгарликка тортилган. Хусусан, Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С. «Оққуш ҳалол парранда» жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.

«Шу каби, ер ажратиб бериш эвазига Юнусобод туман ҳокими ўринбосари З,5 минг, Бувайда туман ҳокими ўринбосари Д. 20 минг, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги уй-жой ширкатлари уюшмаси раиси А. 35 минг доллар олганлиги учун қонун олдида жавоб берди,» — деди Йўлдошев.

Айрим ходимлар тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига, улардан тамагирлик қилиб, пул ундираётганлиги ташвиш билан таъкидланди.

«Сурхондарё вилоят ҳокимлиги бўлими бошлиғи И. Шўрчи туман ҳокимлиги бош мутахассиси Т. орқали тадбиркор Б.дан 1 миллиард сўм имтиёзли кредит олишида ёрдам берганлиги учун 2 минг долларни талаб қилиб олган. Бўш биноларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам турли қонун бузилишларга йўл қўйилмоқда.

Мисол учун, Андижон вилоят ҳокимлиги мутахассиси Қ. муқаддам судланган А. ва М. билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан Шаҳрихон туман Силга қарши курашиш диспансери биносини «ноль» харид қийматида қўлга киритган. Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бинони бузиб, қурилиш материалларини 760 миллион сўмга сотиб юборган
», — деди бош прокурор.

Айни пайтда бош прокурорнинг нутқи давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ниғматилла Йўлдошев порахўр ҳоким ўринбосарларининг қилмишлари ҳақида гапирди