date
views 3 881

Тошкентда автосаройлардан бирида чиптачи автобус ҳайдовчисига пичоқ тиқиб олди (видео)

Тошкентда автосаройлардан бирида чиптачи автобус ҳайдовчисига пичоқ тиқиб олди (видео)
Кадр: YouTube
Тошкент шаҳридаги 12-автобус саройида маст ҳайдовчилар ўртасидаги низога аралашган чиптачи улардан бирига пичоқ тиқиб олди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» информацион дастурида эфирга берилган лавҳада хабар қилинган.

Хабарга кўра, 20 ёшли А. 2020 йил 8 октябрь куни 12-сонли автобус саройида 32 ёшли Б. исмли шахс билан жанжаллашиб қолган ва унга пичоқ тиқиб олган.

А.нинг сўзларига кўра, автосаройда икки ҳайдовчи ўртасида жанжал келиб чиққан ва у уларни ажратишга уринган. Иккала ҳайдовчи ҳам маст бўлгани туфайли улардан бири А.га ташланиб қолган.

Жабрланувчи пичоқ билан ҳамла қилган йигитнинг ҳақиқатдан ҳам уларни ажратишга уринганини тасдиқлаган, сархуш бўлгани туфайли пичоқ зарбини орадан маълум вақт ўтганидан кейин пайқаганини айтган.

Видеолавҳада пичоқнинг чиптачи қўлига қандай қилиб тушиб қолганига ҳам аниқлик киритилган. Чиптачининг айтишича, пичоқни кимдир автобусда тушириб қолдирган ва у буюмни топиб олиб, ташлаб юбормасдан олдида олиб юрган.

«Содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда», — дейди терговчи Абдумалик Қурбонов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда автосаройлардан бирида чиптачи автобус ҳайдовчисига пичоқ тиқиб олди (видео)