08:00 / 25.11.2020
972

Ўзбекистоннинг халқаро облигацияларидан тушган 1 трлн сўм оилавий тадбиркорлик учун кредит сифатида берилади

Ўзбекистоннинг халқаро облигацияларидан тушган 1 трлн сўм оилавий тадбиркорлик учун кредит сифатида берилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга доир келгуси вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда, аввало, ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг асосий вазифаси ва зиммасига олган мажбурияти — янги иш ўринлари яратиб, эҳтиёжманд оилаларни «темир дафтар»дан чиқариш борасидаги ишлар натижадорлиги кўриб чиқилди.

«Масалан, Сирдарё вилоятида 10 ойда 12 мингта доимий иш ўрни ташкил этилган. Натижада ‘темир дафтаръга киритилган ишсиз фуқароларнинг қарийб 90 фоизи бандлиги таъминланган.

Худди шундай, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Китоб тумани, Навоий вилоятининг Қизилтепа, Учқудуқ, Навбаҳор туманлари ва Зарафшон шаҳрида кўп иш ўрни яратилгани қайд этилди. Шу билан бирга, бу борада аҳвол қониқарсиз бўлган туманлардаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди
», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Қайд этилишича, 2020 йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4 триллион сўм ажратиш белгиланган эди. Лекин йил давомида қўшимча маблағлар ҳам йўналтирилди, аҳоли ва тадбиркорларга жами 5,2 триллион сўм имтиёзли кредитлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Йиғилишда ушбу маблағларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди. «Мисол учун, Шовот туманида 26 миллиард сўм оилавий кредит ажратилиб, бир ярим мингта иш жойи яратилган. Яъни, 1 миллиард сўм кредитга 56 та янги иш ўрни тўғри келган. Бу кўрсаткич Қўшработда 57 та, Музработда 49 тани ташкил этган», — дейилади хабарда.

Бугунги кунда тадбиркорларнинг қарийб 1 триллион сўмлик янги лойиҳалари учун кредитларга талаби борлиги қайд этилди. Молия вазирлигига янги жалб этилган еврооблигация маблағларидан 1 триллион сўмни Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанкка оилавий тадбиркорлик дастурлари учун ресурс сифатида жойлаштириш вазифаси қўйилди.

Халқ банкига хотин-қизлар тадбиркорлиги учун лойиҳалар тайёрлаб, уларни ўз бизнесини йўлга қўйишни ўргатиш топшириғи берилди. Бунда банк ходимлари аёллар билан мижозбай, маҳаллабай, туманбай бевосита ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон умумий қиймати 750 миллион доллар бўлган доллар ва ўзбек сўмида деноминация қилинган халқаро облигацияларнинг иккита траншини Лондон фонд биржасида жойлаштиришди. Биринчи марта муомалага чиқарилган ўзбек сўмидаги облигацияларнинг қиймати 2 триллион сўмни, доллардаги облигациялар қиймати эса 555 миллион долларни ташкил қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)