
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журнали мухбири Бахтиёр Эсонов 21 ноябрь куни номаълум шахслар томонидан калтакланиб, дала четидаги ариққа ташлаб кетилди.
Эсоновнинг яқинлари ҳозирда Тошкент Тиббиёт Академияси клиникасида муолажа олаётган журналистнинг аҳволи қониқарли эканини айтган.
Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ тергов бўлими журналистга ҳужум қилган икки нафар шахс қўлга олинганлигини, уларнинг ёнидан журналист Бахтиёр Эсоновнинг 1,1 миллион сўм пули, Redmi русумли уяли алоқа телефони ҳамда хизмат гувоҳномаси топилганлигини маълум қилган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, 21 ноябрь куни ишдан қайтаётган мухбир хусусий киракашлар машинасига ўтирган. Ҳайдовчи Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қўрғонига етмасдан рулни яйдоқ дала четига буриб, журналистдан пул ва бошқа ашёларини чиқаришини талаб қилган. Сўнгра уни икки номаълум шахс уни уриб, “ўлди” деган гумон билан дала четидаги ариққа ташлаб кетишган.
Шифокорлар хулосасига кўра, калтакланиш оқибатида журналистнинг тишлари синган, танасида оғир гематома асоратлари бор, бош қисмида эса жиддий жароҳатлар мавжуд.
Шунингдек, унинг тана қисмида кўплаб шилинмалар, ички қон кетиши ва тана аъзоларининг синиши билан боғлиқ жароҳатлар бор.
Айни пайтда Б. Эсоновнинг ўзи калтакланишига касбий фаолияти сабаб бўлгани эҳтимолдан йироқ эканини қайд этди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар