date
views 2 619

Асад Ходжаев: нохолис ахборот тарқалишида ОАВ айбдор эмас (видео)

Асад Ходжаев: нохолис ахборот тарқалишида ОАВ айбдор эмас (видео)
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Ходжаев Халқаро пресс-клубдаги давра суҳбатида сўз эркинлиги ва давлат бошқаруви органлари билан ОАВ ўртасидаги мулоқот тўғрисида гапирди. У ижтимоий тармоқларда турли нохолис ахборотлар тарқалиши журналистлар ва халқ билан мулоқот яхши йўлга қўйилмагани билан боғлиқлигини айтиб ўтди.

«Ҳозирги замонда ахборотни беркитиб бўлмайди. Чунки замонавий технологиялар шуни кўрсатяптики, ахборотни бир жойда беркитган билан у барибир чиқади. Ҳозир ахборот эркин айланяпти ва бу сўз эркинлиги билан боғлиқ.

Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологияси ривожланиши натижасида шахс сўз эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш имконига эга бўлди. Одамлар ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини билдиришяпти. Албатта, у ерда турли фикрлар юради, улар орасида танқидийлари ҳам бор. Ва бу танқидий фикрларни давлат бошқаруви органлари эшитиши керак. Ўзларининг фаолиятини шу берилган сўзлар орқали таҳлил қилиб, қанақа муаммолар борлиги, бу муаммоларни қандай қилиб ечиш, улар тизимлими ёки айни бир шахс ёки воқеага тегишлими, буларнинг барчасини давлат бошқаруви органлари таҳлил қилиши керак. Мулоқотга ўрганиши керак.

ОАВ жуда кўплаб танқидий материалларни олиб чиқади. Шу орқали бизнинг давлат бошқаруви органлари янги реалликда, янги Ўзбекистонда фаолиятини бошлаяпти. Давлатимиз раҳбари «Матбуот бу кимгадир аччиқ гапирса, ёқади ёки ёқмайди. Бу йўналишдан биз қайтмаймиз
», деб айтди.

Ўтган йили бажарилган катта ишлардан бири - матбуот хизматлари ташкил этилгани бўлди. Ҳозирда 1000дан зиёд матбуот котиблари фаолиятини амалга оширяпти. Лекин улар қай даражада ишлаяпти, малакаси ва тезкорлиги, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги фикрларни давлат бошқаруви органларига қай даражада етказа оляпти - шуларга эътибор қаратишимиз керак.

Пандемия шароитида биз кўрдик: аҳолимизга тезкорлик билан давлат бошқаруви органлари қабул қилаётган турли қарорларни етказиб беришда эҳтиёж сезяпмиз. Ахборот вақтида етиб бормаса, бу турли нохолис ахборотлар тарқалишига сабаб бўлади.

Биз базида ОАВ вакиллари ва блогерлар бунда айбдор деган гапларни эшитамиз, йўқ, бу ерда давлат бошқаруви органлари журналистлар билан мулоқотга тайёр эмас.

Агар давлат органлари тезкорлик билан жавоб қайтарса, асоссиз маълумотлар, фикрлар билдирлишига ўрин қолмайди.

Шунинг учун биз доимий равишда давлат органлари очиқлигини таъминлаш борасида мулоқотни кучайтиришимиз керак деб биламиз», деди АОКА директори сўз эркинлиги ва ОАВни ривожлантириш жараёнлари мавзусидаги давра суҳбатида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Асад Ходжаев: нохолис ахборот тарқалишида ОАВ айбдор эмас (видео)