00:13 / 03.01.2021
2 826

2020 йил қовунлари: Энг арзон, энг ёввойи, энг сердаромад қовунлар

2020 йил қовунлари: Энг арзон, энг ёввойи, энг сердаромад қовунлар
Карантинда уйининг бўйи ва энини сантиметрлаб ўлчаб толмаганлар, болаларнинг шовқинидан қулоғи батанг бўлмаганлар, давраларда «дўст бўлсанг нарида тур»ни хиргойи қилганлар жойлашиб ўтириб олинг. Албатта, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда. Биз 2020 йил қовунларини «Дарё» растасига бир-бир теришни бошлаймиз. Ёзиш биздан, ўқиш сиздан, эслаш ҳам сиздан, кайфиятни кўтариш ҳам сиздан. Борингки, оғиздаги маскани қийшайтирмасдан кулиш ҳам сиздан.

Энг арзон қовун
Дарҳақиқат, бу жуда арзон қовун, нархи бор-йўғи 5 600 сўм. «Kun.uz» сайтига интервью бераётган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов бир оғиз сўзи қанотли иборага айланиб учиб кетишини, жавоб видеолари ва карикатуралар ишланишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Даставвал «...киши бошига 3,2 АҚШ доллари, яъни 5 600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас», деб айтган Обид Ҳакимов кейинроқ 3,2 АҚШ доллари қандай қилиб 5 600 сўмга айлантирилганига шарҳ берди.

Аммо бунгача «5 600 сўмлик» бутун узнетни айланиб чиққанди. Видеоблогерлар супермаркетга кириб, 5 600 сўмлик харидлар қила бошлади. «Ойига 2,5 миллион сўмга Тошкентда бир оила яшай олади деган бирад инсофли экан», дейди юзерлардан бири. Ҳа, агар 5 600 сўм ишлаб топган камбағал ҳисобланмаса, ҳаммамиз миллионер эканмиз, деб хулоса қилди аксарият одамлар. Қуйида эса Олий Мажлис биноси манзарасида Обид Ҳакимовнинг сурати туширилган 5 600 сўмлик купюрани кўриб турибсиз.

Фото: Telegram
Энг нозик қовун
Қовуншунос бўптуриб биринчи марта иккиланиб қолдик. Ёзайликми, ёзмайликми? Чунки аёл киши барибир истисно-да, сизга айтсам. Аммо кўча-кўйда бугун гендер тенглик масаласи кўтариляпти. Қолаверса, аёл ҳокимларимиз бор, кимдан камимиз бор. Модомики, эркак билан аёл тенг экан, нега энди аёл кишини қаламга олмаслигимиз керак? Ахир, менинг қовунимни назарига илмабди, деб кўнгли оғримайдими аёлларимизни.

«...Ниме сотмадинг шу кунгажовр.. ўзингдан кетган мараз, соя сотмаган иплос, пахта қимейсан иплос... Қаадан оласиз, мени қизихтирмейди... Уч гехтарга бир тонна тўрюз килодан ҳисоблагансиз... оппўйинг», дея фермерларни тоза анжанчасига тузлайди Бўстон тумани ҳокими. Ҳоким опани фермерларнинг соя режасини бажариши ташвишлантиряпти. Чунки бу уруғни роса қиммат нархда вилоят ҳокими билан президент Самарадан келтирган экан. Бепарво фермерлар бўлса, экилган сояни ғўзапояга қўшиб «карчувалка» қилиб юборибди. Шунга ҳоким опа жаҳл отига минган.

Аслида аёл ҳокимлар юмшоқроқ қизишишини эътиборга олсак, бу ютуқ, ҳатто йил ютуғи дейиш мумкин. Қаранг, сўнгги пайтда бақир-чақирнинг исини чиқармай қўйди ҳокимларимиз. Эркакларнинг сўкинишидан асрасин.

Айтганча, андижонлик ҳоким опа «Дарё» мухбири билан суҳбатда узр-маъзурини билдирди.

Энг ёввойи қовун
Бир йил олдин «қайси мансабдор энг кўп «аудиозапис» чиқаради?» деб сўралса, «Фарғонаники» деб иккиланмай айтишарди. Аммо Шуҳрат Ғаниев Бош вазирга ўринбосар бўлгач, овози ҳам чиқмай қолди. «Студия»ни юргизиш эса андижонлик адашига қолди. Бугун Шуҳратбек Абдураҳмонов «запис» чиқариш бўйича етакчи, деб бемалол айта оламиз.

Фото: Google Photos
Пандемияда ўнлаб одамни тўплаб туғилган кун ўтказадиган, қитиғига тегувчи «қичиқ» саволлар берадиган журналистни қўйворадиган, президент вакилига сассиқ гапирувчи аёлларни эсини киритиш учун қамаб қўядиган, фермерларни эса «шакал» дейдиган ҳокимбуванинг исмини сиз ҳам эшитгансиз, биласиз. Шунча қовунларга қарамасдан, бирор-бир жазосиз ва танбеҳсиз ишлаб келаётганига яна бир бор тан берса арзийди. Байроқ Андижонда.

Аммо вазиятдан чиқиш борасида ҳам ҳокимлик «адвокат»ларига қойил қолса арзийди. Audiо эски бўлган – вассалом. «Шакал»лар ҳайратда.

404-қовун ёки энг сирли қовун
Фақат кастрюл, чойнак сирли бўлмайди, баъзида қовун ҳам сирли бўлади. Фақат уни туширган инсон на ҳоким, на вазир, на раис, на етакчи, борингки, умуман одатий мансабдор эмас. Бор-йўғи камтаргина блогер. Аммо ёзмасак бўлмади. @kometauz блогида шу йилнинг июль ойида антиқа бир пост ёзилди.

404 – цензура ҳам қовун туширди...
404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура келтиришибди:
404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – Т цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура 404 – цензура...


Блогпостнинг давомида эса абитуриентлар сони билан ОТМлар квоталари сони ҳисобланди. Уларнинг орасидаги олти баравар фарқ ҳисоблаб чиқиб, ОТМга топширган абитуриентларнинг олтитадан бештаси киролмаслиги муқаррарлиги астойдил исботланди. Нега бунча зўр беради бу блогер, нимани исботламоқчи? Буни аниқлайлик десак, блогпостнинг салкам ярми қадрдон «Цензура – 404» жумласига тўлди.

Ҳурматли ўқувчи, биз сизнинг заковатингизга ишонамиз. Келаси йилгача бу жумбоқни ечиш сизга.

Энг сердаромад қовун ва пичоқ
Волонтёр ким? У бепул ишлайдиган кўнгилли хизматчими ёки ишига ҳақ оладими? Навбатдаги воқеа шу ҳақда.

Фото: Google Photos
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар билан учрашувда бу мавзуга тўхталиб «...Волонтёрлик касбми, ҳақиқатан ёрдам беришми ёки бундан даромад олишми? Фарқига етолмаяпман. Тушунтира олдимми? Мисол учун, COVID марказида волонтёрлар ишлади, волонтёрмиз деб келди. Лекин саккиз миллиондан пул олди. Тушунтира олдимми? Барака топсин, раҳмат. Ишлаганларга менинг эътирозим йўқ. Лекин волонтёр бўлса, нега ҳақ сўраяпти? Волонтёр тушунчаси нима дегани? Кўнгилли ишчи дегани. Лекин мен биронта волонтёр уйда ётган қариянинг оёғига тоғорача тутиб совунлаб ювиб қўйганини кўрмадим. Сочини тараб қўяй, сочини ювиб қўяй, дейиш мумкин, уйида ётган аёллар бор. Ҳеч шуни кўрганим йўқ...», деди.

Ҳокимнинг «бир ўрганиб чиқамиз» дегани узнетда кучли резонанс бериб «аралашмагани волонтёрлик қолган эди», мазмунидаги норозилик келтириб чиқарди. Хусусан, пандемиянинг авж палласида ҳаётини хавфга қўйиб ишлаган кўнгиллилар Ортиқхўжаевнинг шубҳаларини ноўрин ҳисоблашини яшириб ўтирмади. Асли тадбиркор ҳоким волонтёрликни ҳам даромад манбайи сифатида кўрган бўлса, эҳтимол.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов волонтёрларни ҳимоя қилиб, «пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга!» деб ёзиб #LyubayaBiznesXorosha, #MikrofonBerilmasinShuOdamga хештегларини қўшиб қўйди.

Энг ажиотажли қовун
Синфдага энг аълочи ўқувчидан антиқа гап чиқиб қолишини ҳеч ким кутмаганидек, энг намунали ҳокимлардан саналган Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов оқсочларни тилга олиб узнетни тўлқинлантиришини ҳеч ким кутмаган эди. Маълум бўлишича, Турдимов қувлик қилиб атайлаб «оқсоч» сўзини қўллаган экан.

Фото: Google Photos
Октябрь ойида Эркинжон Турдимов Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида оқсоч аёлларга талаб ортиб бораётгани сабаб аёлларни бу касбга тайёрлаш тизимини шакллантириш таклифини берди. Аммо хабарда урғу берилган «оқсоч» сўзи оммани жунбушга келтирди, буни ўзбек аёлларини ерга уриш деб талқин қилганлар бўлди. Ўнлаб эътирозли изоҳлар ёзилди. Аммо кўп ўтмай Турдимов ўзига хос айёрона табассум билан «мен энага, гувернер ё уй хизматчиси дейишим мумкин эди, аммо уларни айтганимда бунчалик ажиотаж бўлмасди», дея шов-шувли гапига изоҳ берди. Оббо, Эркинжон Турдимов-эй. Одамларни қандай қўзғашни биласиз.

Мана, ҳурматли ўқувчи тўплаганимизни сизга ҳавола этдик. Эътибор бердингизми, бу йилги қовунлар ўтган йилгидан камҳосилроқ. Бунга карантин сабаб бўлиши мумкин, сояда қолган қовун кўзга ташланмайди. Аммо... эътибор бердингизми – қовун тушириб кўзга ташланадиган сиёсатчини бу йил деярли учратмадик. Эҳ, ўтган йили жуда болалаган эди бунақалар.

Катта бир партия раҳбари бирор иши билан эмас, «кўп гўшт еяпмиз» деган бир оғиз гапи билан эл оғзига тушган бўлса, экопартия фаоли Тошкентга талон билан келишни таклиф қилиб экоқовун туширганди. Иқтисодиёт вазири «...биздан ҳам инфляцияси юқори давлатлар бор, масалан Венесуэла», дея кулгига қолган бўлса, яна бир партия етакчиси «2,5 миллион сўм ойлик Тошкентда беш кишини боқишга етади», деб донг таратган эди. Афтидан, улар бу йил миқ этишмади, миқ этишсаям, ўйлаб миқ этишди. Бу ҳам ривожланиш сизга айтсам. Ютуқларимиз давомли бўлсин. 2021 йил-ютуқларга бой келсин.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 2020 йил қовунлари: Энг арзон, энг ёввойи, энг сердаромад қовунлар