15:56 / 11.01.2021
2 296

«Мурожаатларнинг 90 фоизи қамоқдан йўлланади» — Омбудсман қийноқлар ҳақида

«Мурожаатларнинг 90 фоизи қамоқдан йўлланади» — Омбудсман қийноқлар ҳақида
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Конгресс холлда ўтказилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасига бағишланган тадбирдан сўнг «Дарё»га қисқа интервью берди.

Улуғбек Муҳаммадиевнинг айтишича, фуқаролар ҳуқуқий тафаккуридан келиб чиқиб, қийноқ ҳолати ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга зудлик билан мурожаат қилиши зарур.

«Омбудсман охирги 2-3 йилдан буён ҳар йили парламентга ҳисобот тақдим этиб келмоқда. Аҳамият қаратаётган бўлсангиз, биз ўз ҳисоботимизга айнан қийноқлар масаласини ҳам киритиб боряпмиз, бу ҳақда бутун парламент вакиллари ва жамоатчилик ҳам хабардор бўлмоқда.

Ҳақиқатан қийноқлар масаласи бўйича фуқароларнинг мурожаатлари бизга кўп келади. Лекин мурожаатларда айтилаётган ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш жуда ҳам мураккаб. Чунки фуқаролар бу масала юзасидан ўз вақтида эмас, балки орадан маълум муддат: уч, олти ой ёки бир йил ўтганидан сўнг кечиктириб мурожаат қилишади. Бу пайтда улар айтган гапларни фактсиз исботлашнинг имкони йўқ.

2020 йили юз берган Андижон ва Қашқадарё ҳолатлари тўғрисида ўша воқеалар кузатилган пайтдаёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликка мурожаат қилингани туфайли иккала ҳолат ҳам ўз вақтида ўрганилиб, назоратга олинди ва исботини топди. Айбдорлар жазоланди, суд бўлди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аввало, фуқароларимиз ўзининг ҳуқуқий тафаккуридан келиб чиқиб, бундай ҳолатлар ҳақида зудлик билан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, хусусан, Омбудсманга ҳам ўз вақтида мурожаат қилиши лозим. Биз ҳам бундай мурожаатларни дарҳол ўрганиб, унинг охирига етиш имкониятига эга бўламиз.

Бу бўйича ички ишлар ва прокуратура органларига назорат билан мурожаат қиламиз. Улар ўз мутахассисларини жалб қилган ҳолда ҳолатнинг тагига етади, тиббий экспертиза қилади. Қисқаси, бизда бундай мурожаатга чуқурроқ ёндашиш имконияти пайдо бўлади
», — деди Муҳаммадиев.

Унинг қўшимча қилишича, карантин даврида ҳам қийноқ ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар келиб тушган.
«Қийноқлар масаласида бизга келиб тушаётган мурожаатларнинг 90 фоизи тергов жараёнига тааллуқли. Яъни фуқаролар ўз мурожаатини қамоқдан туриб ёзиб юборади. Улар ‘Мен қамоққа тушгунимча тергов жараёнида, судгача бўлган даврда қийноққа солиндим, лекин менга ҳеч ким ёрдам бермади’, деган мазмунда мурожаат қилади.

Лекин улар маҳкум сифатида жазо ўтаяпти, бизга орадан анча вақт ўтиб, кечикиб мурожаат йўллайди. Улар айтган ҳолат бўйича аниқлик киритиш имкони йўқ. Чунки уни исбот қиладиган далиллар йўқ бўлади. Исбот қилиш масаласи эса юқорида айтганимдек, жуда мураккаб
», — деди Омбудсман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Мурожаатларнинг 90 фоизи қамоқдан йўлланади» — Омбудсман қийноқлар ҳақида