07:00 / 15.01.2021
1 493

«Бу ерда коррупцион схема бўлган». Қурилиш вазири Жиззахда қулаган кўп қаватли бино ҳақида

«Бу ерда коррупцион схема бўлган». Қурилиш вазири Жиззахда қулаган кўп қаватли бино ҳақида
Фото: Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати
Жиззах шаҳридаги кўп қаватли бинолардан бирининг қулаши ҳолати юзасидан объект ҳужжатлари уч марта ўрганилганда улар уч хил чиққан. Бу ҳақда 14 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокиров сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» нашри.

Тадбирда қурилиш вазири воқеа юзасидан муносабат билдираркан, у ерда коррупцион схема бўлганлигини бир неча маротаба таъкидлаб ўтди.

«Бу бўйича менга ҳам алоҳида маълумот кирган. Администрациядан ҳам шу масала бўйича ойдинлик киритилди — у ерда коррупцион схема бўлган. Кимнингдир ҳокимликка қанақадир яқинлиги бор ёки тизимда таниш-билиши бор, бугун унинг номига олинади, қурилиш бошлангандек бўлади ва умуман бошқа одамлар ишлайди. Шунинг учун ҳужжатни уч марта аниқлаштиришганда уч хил чиқяпти. Унақа бўлиши керак эмас. Бу коррупцион схема-да, масала шу. Ҳозир қидирадиган бўлсангиз, бирорта эгаси чиқмайди ва мингта баҳона қилишади. Бу коррупцион схема.

Бир хил одамлар бизнес қиляпти, унинг таниш-билиши бор, у бемалол киради, жойни олади, тушуняпсизми? Кейин ҳали қурилиш тугамасидан сотади. Ҳамма ҳужжат чала-чулпа бўлади. Бу ерда коррупцион схема бўлгани учун тадбиркорлар нима хоҳласа, қиляпти. Биз шунинг олдини олишимиз керак.

Яна битта нарса, администрацияга берган маълумотда ҳам Жиззахдан ташқари, бошқа аҳоли яшаш пунктларида ҳам худди шундай схема бўлаётгани тўғрисида айтиб ўтилган. Ҳозир ўтириб қандай коррупция эканлигини муҳокама қилишга менда ваколат йўқ. Объектнинг буюртмачиси, техник ва лойиҳа муаллифлик назорати ҳамда пудратчиси бўлиши керак. Уларда бунинг биттаси, ҳатто буюртмачининг ўзи ҳам йўқ
», — деди Ботир Зокиров.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. ФВВ ва Бош прокуратуранинг қайд этишича, воқеа оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган фуқаролар бўлмаган. Маълум қилинишича, қулаб тушган бино ёнидаги 6 қаватли иншоотнинг ҳам пойдеворларида чўкиш аломатлари кузатилган бўлиб, ҳозирда у хавфли ҳолатда турибди. Ҳалокатни ўрганиш мақсадида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ ҳукумат комиссияси тузилган.

Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)